Қарши давлат университети Қозоғистон университетлари билан ҳамкорликни кенгайтирди
2025-йилда университет стратегик мақсад сифатида ТОП-500 университетлар билан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйди. Шу доирада QS рейтингига кирган М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университети билан “Лингвистика (рус тили)”, Россия Халқлар дўстлиги университети билан “Туризм” магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма дастурлар ташкил этиш режалаштирилган. 24-28-ноябрь кунлари Қарши давлат университети Халқаро таълим дастурлари бўлими бошлиғи Н.Азизова М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университетига ташриф буюрди. Сафар доирасида рус филологияси йўналиши талабалари учун маърузалар ўқилди ва қўшма дастур бўйича шартнома имзоланди. Унга кўра, 2026/2027-ўқув йилида 10 нафар магистрант 2 курсда таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, М.Дулати номидаги Тараз университети билан "Педагогика" соҳасида ҳам қўшма дастурларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди. Ҳозирда Қарши давлат университети Россия ва Беларуснинг нуфузли олийгоҳлари билан қатор бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурларини амалга оширмоқда.