
Ўзбекистон кубоги: Амалдаги ғолиб мағлубиятга учради!
Бугун Бешкентдаги “Марказий” стадионда Ўзбекистон кубогининг "Б" гуруҳи 2 тур доирасида жуда муҳим ва драматик ўйин бўлиб ўтди. Қарши давлат университетининг “Лочин” футбол жамоаси ўз майдонида мамлакатимизнинг кучли жамоаларидан бири — Суперлига иштирокчиси ва Ўзбекистон кубогининг амалдаги ғолиби “Андижон”ни қабул қилди. Томошабоп ва шиддатли тарзда кечган беллашув мухлисларга кучли таассурот қолдирди. Учрашув тақдири охирги дақиқаларда ҳал бўлди.
▪️85-дақиқада Оғабек Маҳамадаминов ҳисобни очиб, “Лочин”ни олдинга олиб чиқди.
▪️89-дақиқада “Андижон” жамоаси пеналти орқали жавоб қайтарди — Мирзад Меҳанович аниқ зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди.
▪️Аммо “Лочин” охирги сўзни айтиб, 90+2-дақиқада Суҳроб Тошкенбоевнинг маҳоратли голи орқали ғалабани илиб кетди — 2:1!
Ушбу йирик ғалаба билан жамоамиз — “Лочин” футболчилари ва уларнинг мураббийларини чин қалбимиздан табриклаймиз! Жамоамизга кейинги ўйинларда ҳам омад ва янги зафарлар тилаймиз!