
Инновацион дарслар билан рақамли оламга саёҳат!
Қарши давлат университети Математика ва информатика йўналиши 2 курс 023-43 гуруҳ талабалари Қарши шаҳар 34 мактабда малакавий амалиётни самарали олиб бормоқда. Амалиётга Алгоритмлар ва дастурлаш технологиялари кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди Н.Бегматова раҳбарлик қилмоқда. Дарслар давомида талабалар назарий билимларини амалиётда татбиқ этмоқдалар. “Кейс”, “Кубик”, “Асессмент”, “Зинама-зина”, “Кроссворд” каби замонавий ва инновацион ўқитиш усуллари орқали дарслар интерфаол тарзда ташкил этилмоқда. Ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, визуал тақдимотлар ва гуруҳ билан ишлаш элементлари дарс жараёнини янада жонли ва самарали қилмоқда. 12 апрель куни “Информатика – бу рақамли оламга саёҳат” мавзусида ташкил этилган тадбир эса амалиётнинг ёрқин давоми бўлди. Тадбир доирасида “Хакер” ва “Кибер” жамоалари ўртасида интеллектуал беллашув, мозаика йиғиш, “Рақамли олам ва реал ҳаёт” мавзусида баҳс, шунингдек, бадиий чиқишлар намоён этилди. Тадбирда кафедра ўқитувчилари Ф.Шодиев, Л.Сафаров ва И.Раззоқов иштирок этиб, жамоалар фаолиятини баҳолашди. Фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Амалиётчи талабаларнинг ташаббуси ва ижодий ёндашуви мактаб маъмурияти томонидан ҳам муносиб қадрланди. Ушбу амалиёт жараёни талабаларда педагогик маҳоратни шакллантириш, таълим жараёнини ташкил этиш бўйича кўникмаларни мустаҳкамлаш ва баркамол авлод тарбиясида фаол иштирокчи бўлишга хизмат қилмоқда.