“Илмли қизлар – жамият кўзгуси” форуми бўлиб ўтди

14 Апрель 2025, 05:20
Университет янгиликлари

Қарши давлат университетида “Илмли қизлар – жамият кўзгуси” шиори остида форум ўтказилди. Тадбирда битирувчи синф қизлари ва уларнинг оналари, Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ишчи гуруҳи вакиллари Г.Мардонова, Ф.Худойқулова, шунингдек, вилоят ҳокимининг ўринбосари З.Аминова иштирок этди. Тадбирда Косонлик иқтидорли ёш Гуласал Бўтаева IELTS имтиҳонидан 9 балл тўплаб, юксак натижа қайд этгани алоҳида эътироф этилди. Унинг онасига миннатдорлик билдирилиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, тадбир давомида хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган, турли танловлар ғолиблари бўлган ёшлар ўз чиқишлари билан иштирокчиларни илҳомлантирди. Уларнинг муваффақияти ортида турган буюк куч – оналар алоҳида эъзозланди. Шунингдек, форумда “Аёл маърифати” жамоатчилик кенгашининг ҳудудлардаги расмий вакиллари эълон қилинди. Бу — янги исмлар, янги илҳом ва янги масъулият, энг муҳими, аёл кучининг бирлашган ифодаси бўлди. Эндиликда ҳар бир ҳудудда аёлларнинг овози янада баланд эшитилиши, фикри инобатга олиниши ва ташаббуслари амалда қўллаб-қувватланиши таъкидланди. Форум доирасида “Маърифатли аёл – нурли жамият!” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этишда кенгаш вакиллари фидойилик билан хизмат қилишга тайёр экани маълум қилинди.