Қарши давлат университетида ҳисобот-сайлов конференцияси: янги раҳбарият сайланди

14 Апрель 2025, 05:06
Университет янгиликлари

Қарши давлат университети ходимлари ва талабалари касаба уюшма ташкилотининг III ҳисобот-сайлов конференцияси юқори ташкилий даражада бўлиб ўтди. Анжуманда 2020 йил апрелидан 2025 йил апрелигача бўлган давр мобайнидаги касаба уюшма қўмитаси ҳамда ташкилот тафтиш комиссиясининг фаолияти юзасидан ҳисоботлар тингланди. Ҳисоботларда ташкилотнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шароитларни яхшилаш ва маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш борасидаги ишлари таҳлил қилинди.

Конференция кун тартибидан қуйидаги муҳим масалалар ўрин олди: 
 Касаба уюшма қўмитаси раиси ва аъзоларини сайлаш;
 Тафтиш комиссияси таркибини шакллантириш;
 Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилояти ташкилотининг VI конференциясига делегатларни сайлаш.

Анжуманга Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қашқадарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Кубаев Шодмон Раббимович раҳбарлик қилди. Конференция якунида Норов Абдисайт Мурадович Қарши давлат университети ходимлари ва талабалари касаба уюшма қўмитаси раиси этиб сайланди.