
Ректор табриги: Бугунги сана университет тарихига киради!
Авваламбор, жамоамизни тарихий натижа билан чин қалбимдан табриклайман. Йигитлар бугун майдонда ҳақиқий матонат ва ирода кўрсатишди. Гарчи учрашув давомида сезиларли фарқ билан ортда боришларига қарамай жанговар руҳ билан ҳисобни тенглаштиришни уддасидан чиқишди. Пенальтилар сериясида эса ўз дарвозаларидан бирорта ҳам тўп ўтказмай ғалаба қозондилар. Энди жамоамиз илк бор Ўзбекистон кубоги баҳсларининг гуруҳ босқичида, қолаверса 1 лига мусобақасида иштирок этади. Ушбу муваффақиятларга қўшимча равишда бугун футбол клубимизнинг Ўзбекистон Профессионал футбол лигасига аъзолик тўғрисида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Жорий йилда лига талабларига мувофиқ бош ўйингоҳимизни қайта таъмирлаб, замонавий база бунёд этамиз. Бир сўз билан айтганда, Лочин футбол клубини янада ривожлантириш учун бор куч ва ғайратимиз билан ҳаракат қиламиз. Яна бир бора мақсад ва режалари улкан жамоамизни бугунги ғалаба билан самимий муборакбод этаман ва Ўзбекистон кубоги ҳамда 1 лига мусобақаларида омад тилайман.
Баракалла йигитлар!
Дилмурод НАБИЕВ,
Қарши давлат университети ректори, профессор