
Университетнинг “Лочин” жамоаси Ўзбекистон чемпионатини ғалаба билан бошлади
Пойтахтимиздаги “Жар” спорт-соғломлаштириш комплекси ва Тошкент давлат транспорт университети спорт мажмуасида волейбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 1 тур баҳслари бошланди. Чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 21 та волейбол жамоалари иштирок этмоқда. Катталар ўртасидаги мамлакат чемпионатини Ўзбекистон терма жамоасида фаолият олиб бораётган маҳаллий ва хорижий мураббийлар бевосита кузатиб бормоқда. Мақсад маҳоратли ёшларни танлаб олиш, терма жамоага жалб этишдир. Қуръа натижаларига кўра, 21 февраль кунида 7 та жуфтликдаги жамоалар ўзаро куч синашди. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон чемпионатида Қарши давлат университетининг “Лочин” волейбол жамоаси ҳам иштирок этмоқда. Жамоамиз дастлабки учрашувда ТерДУ (Сурхондарё) жамоаси билан баҳс олиб бориб, 3-0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бугун волейболчиларимиз У18 (Янги Тошкент) жамоасига қарши майдонга тушади. Чемпионат 28 февралга қадар давом этади.
Мавзуга доир: Университетнинг “Лочин” волейбол жамоаси олий лигада иштирок этишни режалаштирмоқда