
Муносабат
Инсон учун она тили билан бирга хорижий тилларни билиш дунёга чиқишда жуда муҳим. Айниқса, тижоратда бунинг оʻрни беқиёс. Шавкат Мирзиёев
Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ёшлари билан очиқ ва дўстона мулоқоти бўлиб ўтди. Айтиб ўтиш жойизки, ёшлар масаласи доимо давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналиши бўлиб қолаверади.Учрашувда давлатимиз раҳбари ёшлар билан ишлаш натижадорлигини янада ошириш, уларга кенг имкониятлар яратиш чора-тадбирларини муҳокама қилиш билан бир қаторда хорижий тиллар ўқитилишига ҳам алоҳида эʼтибор қаратди. Шунингдек, йиғилиш давомида ҳозирги кунда замон талаби ҳисобланмиш бир нечта хорижий тилларни билиш Янги Ўзбекистон ёшларига дунё эшикларини кенг очиб бериши айтиб ўтилди. Президентимиз томонидан хорижий тиллар ўқитилишини кенг қамровда ва юқори даражада йўлга қўйиш борасида белгилаб берган вазифаларига ҳамоҳанг тарзда Қарши давлат университетида ҳам турли хил хорижий тилларга, яъни инглиз, француз, немис, корейс ва хитой тилларига ихтисослаштирилган бир нечта замонавий Тил ўргатиш марказлари ташкил қилиниб, хорижий олийгоҳлардан тажрибали мутахассислар ишга жалб қилинган. Шу жумладан, француз тили ўқитилишига мўлжалланган Institut français тил ўргатиш марказига Франциянинг нуфузли Bordeaux-3 университетидан FLE бўйича мутахассис Филип Рене Люси хоним таклиф қилинди. Маълумот ўрнида, Институт франçаис тил ўргатиш маркази келгусида Қашқадарё вилоятининг хорижий тил сифатида француз тили ўқитиладиган 100 дан зиёд мактабларида фаолият юритиб келаётган 200 нафарга яқин француз тили ўқитувчилари учун марказлашган ягона ўқув-методик ёрдам кўрсатадиган HUB сифатида хизмат қилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари ушбу марказ ҳозирда долзарб бўлган миллий ва халқаро DELF, DALF сертификатлари олиш учун тайёрлов курсларини, Тошкент Алянс Франсез ташкилоти билан ҳамкорликда DELF, DALF имтиҳонларини ўтказиш жараёнларини, шунингдек, “Келажак касблари лойиҳаси” доирасида (French+Law, French+Business, French+Tourism, French+Hotel, гид-таржимонлик) каби касбга йўналтирилган махсус тил ўргатиш курсларини ташкил қилиш ҳамда дунёнинг франкофон давлатлари иш берувчилари талаблари асосида мақсадли тайёрлов курслари ва синов тестлари ўтказишга мўлжалланган. Шу билан бирга ушбу марказда вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари француз тили ўқитувчиларига профессионал услубий тавсиялар бериш мақсадида юқори малакали соҳа мутахассислари томонидан ёзги мактаблар, халқаро ва республика миқёсидаги семинар-тренинг ва маҳорат дарсларини ўтказиш йўлга қўйилади.
А.Зоирова
Француз тили ва адабиёти кафедраси мудири, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати