
Дунё нигоҳидаги дилбар шахс
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбобидир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солган. Сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятнинг энг нодир дурдоналари бўлиб, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Айни кунларда Қарши давлат университетида улуғ бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Иқтисодиёт, Педагогика факультетлари ва 7-сонли талабалар турар жойида ташкил этилган тадбирларда Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллаганлиги айтиб ўтилди. Тадбир давомида истеъдодли ижодкор ёшлар томонидан буюк аждодимизнинг ғазаллари билан айтилган қўшиқлар, ғазаллар, саҳна кўринишлари ва гўзал рақслар ижро этилди. Фаол талабалар тақдирланди. Тадбирлар давом этмоқда.