“Ёшлар коррупцияга йўқ дейди” мавзусидаги танловларнинг университет босқичи бўлиб ўтмоқда

30 Ноябрь 2024, 10:18
Университет янгиликлари

Хабар берилганидек, шу кунларда Қарши давлат университетида “9-декабрь — Халқаро коррупцияга қарши кураш куни”га бағишлаб “Ёшлар коррупцияга йўқ дейди” мавзусида “Энг яхши иншо”, “Энг яхши видеоролик”, “Энг яхши расм”лар танловлари ҳамда “Антикоррупция билимдони” беллашувининг университет босқичи бўлиб ўтмоқда.  Жумладан, 28-29 ноябрь кунлари “Энг яхши расм” танлови ва “Антикоррупция билимдони” беллашувида ғолиблар аниқланди. Хусусан, “Энг яхши расм” танловида биринчи ўринни Санъатшунослик  факультети рангтасвир (дастгоҳли) йўналиши 1-босқич талабаси Авлоқулов Сардор Абдулло ўғли  қўлга киритди. Иккинчи ўрин ҳам ушбу факультетнинг 2-босқич талабаси Ўтаев Хуршид Шерзод ўғлига насиб этди. Физика факультети физика йўналиши 2-босқич талабаси Юсупова Нилуфар Асрор қизи учинчи ўринга лойиқ кўрилди. Ғолиблар тегишли равишда 1 500 000 (бир миллион беш юз минг), 1 250 000 (бир миллион икки юз эллик минг) ва 1 000 000 (бир миллион)  сўм миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланади. “Антикоррупция билимдони” мавзусидаги билимлар беллашувининг университет босқичида иштирокчи жамоалар 3 та шарт асосида ўз билим ва иқтидорларини синовдан ўтказишди. Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, 1-ўринни Иқтисодиёт факультетининг “Against” жамоаси эгаллади ва 3 000 000 (уч миллион) сўмлик ваучерни қўлга киритди. 2-ўрин ва 2 500 000 (икки миллион беш юз минг) сўмлик ваучер Тарих факультетининг “Ислоҳотчилар” жамоасига ҳамда 3-ўрин ва 2 000 000 (икки миллион) сўмлик ваучер Кимё-биология факультетининг “Адолат” жамоасига насиб этди.