Ахборот технологиялари ва математик моделлаштириш

28 Октябрь 2024, 06:06
Университет янгиликлари

20-26-октябр кунлари Қарши давлат университетида А.Ф.Терпугов номидаги “Ахборот технологиялари ва математик моделлаштириш” 23-халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Конференция ташкилотчилари Томск давлат университети ва Қарши давлат университети, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар - Россия Халқлар дўстлиги университети, Россия Фанлар академияси бошқарув муаммолари институти, Н.И.Лобачевский номидаги Нижний Новгород давлат университети, Боку муҳандислик университети, Шаҳрисабз давлат педагогика институтидир.

Конференциянинг мақсади Россия ва хорижий университетлар, академик ва соҳавий илмий тадқиқот институтлари, илмий-тадқиқот марказлари, манфаатдор корхоналар ва тижорат компанияларининг тўплаган тажрибаларини умумлаштириш ва ривожлантириш, ахборот-телекоммуникация технологиялари, математик моделлаштириш, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва бошқа муҳим соҳаларда энг долзарб йўналишларни аниқлаш ва  илмий-техник ишланмаларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Мазкур конференция рекорд миқдорда – 200 нафардан ортиқ иштирокчиларни жалб қилди, жумладан, 142 нафар Россиядан, 47 нафар Ўзбекистондан, шунингдек, Беларус, Озарбайжон, Грузия, Австрия, Япония, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан келган қатнашчилардир. Айни вақтда анжуман шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирилди.