Самарали ҳамкорлик таълим сифатини оширади

Россиянинг Буюк Пётр номидаги Санкт-Петербург политехника университети билан тузилган меморандум асосида ҳамкор олийгоҳнинг Саноат менежменти, иқтисодиёт ва савдо институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Александр Васильевич Бабкин Қарши давлат университетига ташриф буюрди. У жорий йил 8-10-октябр кунлари Иқтисодиёт факультетининг магистрантлари, иқтидорли талабалар ва сиртқи таълим талабаларига "Рақамли иқтисодиёт" фанидан ўқув машғулотлари олиб бориш билан бирга, университетда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, сифатли таълим тизимини ташкил этиш ва профессор-ўқитувчилар, талабаларга яратилган шароитлар билан танишди. Айниқса, Кутубхона, Академик фаолият ва регистратор бошқармаси (Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази), Инкубация маркази, Туризм амалиёт маркази россиялик меҳмонда илиқ таассурот уйғотди. 

Шунингдек, Иқтисодиёт кафедрасида профессор А.В.Бабкин иштирокида давра суҳбати ташкил қилинди. Мулоқотда академик мобиллик йўналишида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини ташкил этиш, халқаро грантларда иштирок этиш, ўзаро ўқув машғулотлари олиб бориш, ҳаммуаллифликда ўқув адабиётлари, монографиялар ва нуфузли халқаро журналлар (шу жумладан Scopus, Web of Science) да мақолалар чоп эттириш, ҳамкорликда фалсафа докторлари (фан номзодлари)ни тайёрлаш, номзодлик ва докторлик диссертацияларига оппонентлик қилиш, қўшма дастурлар асосида бакалавр ва магистрлар тайёрлаш, битирувчи талабаларни қисқа муддатли касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш, халқаро Open Doors олимпиадасида иштирок этиш каби қатор масалалар бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.