ҚарДУ талабаси халқаро олимпиадада кумуш медални қўлга киритди
Хабарингиз бор, 25-30 ноябрь кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида жойлашган Махтумқули номидаги Туркман давлат университетида талабалар ўртасида кимё фани бўйича III халқаро олимпиада бўлиб ўтди. Унда мезбон Туркманистон, шунингдек, Россия, Хитой, Эрон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон каби хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасаларидан 200 нафардан зиёд талабалар қатнашди. Олимпиада яккалик ва жамоавий мусобақаларни ўз ичига олди. Иштирокчилар ноорганик ва физик кимё, органик ва аналитик кимё бўйича мураккаб назарий ва амалий масалаларни ечиш бўйича беллашдилар. Яккалик баҳслари “А” ва “В” тоифаларида ўтказилди. Қувонарлиси, халқаро олимпиаданинг “В” тоифадаги яккалик беллашувларида Қарши давлат университети кимё таълим йўналиши 3-босқич талабаси Бобоқулов Бахтишод Норпўлатович кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, олимпиада билан бир вақтда Махтумқули номидаги Туркман давлат университетида ўтказилган “Кимё фанини ўқитишни такомиллаштириш ва замонавий кимёвий технологияларни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда фаол иштирок этгани учун Ноорганик кимё кафедраси доценти Нигора Жўрақулова сертификат билан тақдиланди.