Университет янгиликлари

Анжуман органик кимёнинг энг сўнги ютуқлари ва муаммоларига бағишланди

3 May, 2021

Жорий йилнинг 1 май куни Қарши давлат университетида “Замонавий органик кимёнинг долзарб муаммолари” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Унда Хитой фан ва технологиялар институти, Ҳиндистоннинг Деквижай институти, Россия Федерациясининг Н.Д.Зелинский номли Россия фанлар академияси органик кимё институти, Тошкент кимё технология илмий тадқиқот инстути, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Термиз давлат университети, Самарқанд давлат университети, Бухоро давлат университети, Қўқон давлат педагогика институти ва бошқа бир қатор олий таълим муассасаларининг етук олимлари ҳамда тадқиқотчилари иштирок этди. Анжуманни Қарши давлат университетининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Н.Холмирзаев кириш сўзи билан бошлаб берди. Кун тартибидаги мавзу доирасида хорижлик ҳамда юртимиздаги етакчи олий таълим муассасалари таниқли олимлари, тадқиқотчиларининг илмий маърузалари тингланди. Хусусан, маърузаларда органик кимёнинг энг сўнги ютуқлари ва муаммолари хусусида сўз юритилиб, янги турдаги органик бирикмаларнинг синтезлари, олинган янги бирикмаларининг физиологик фаолликлари ва уларнинг халқ хўжалигидаги тутган ўрни тўғрисида фикр-мулоҳазалар алмашилди.

 

Таъкидлаш лозимки, анжуманнинг олдида турган энг муҳим вазифа замонавий органик кимё соҳасидаги долзарб масалалар ечими ёритилган материалларни муҳокама қилиш ҳамда ҳукуматимизнинг илм-фанини ривожлантириш соҳасидаги қарорлари ва буйруқлари асосида кимё фанининг таҳлили хусусида таниқли кимёгар олимларнинг фикрларини умумлаштириш, илм-фанга лаёқатли ёшларни кашф этиш, уларда илм-фан ва технологияларга рағбатни кучайтиришдан иборатдир. Конференция шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди.