Техникум битирувчилари учун суҳбат бошланди
Бугундан Қарши давлат университетида техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар билан ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича суҳбат жараёнлари бошланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 11-январдаги 17-сонли қарори билан тасдиқланган низомга кўра, техникумларда ўрта махсус профессионал таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-босқичдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.
Жорий йилги қабул жараёнларида техникум битирувчилари экология ва атроф муҳит муҳофазаси (тармоқлар ва соҳалар бўйича), агрокимё ва агротупроқшунослик, даволаш иши, педиатрия, енгил саноат буюмлари конструкциясини ишлаш ва технологияси (тикув буюмлари технологияси), транспорт логистикаси (транспорт турлари бўйича) каби бакалавр таълим йўналишлари бўйича суҳбат асносида ўз билимларини синовдан ўтказадилар. Тегишли таълим йўналаиши бўйича суҳбатлар 18-август кунига қадар давом этади.