“Гуруҳ мураббийлари учун таълим-тарбия самарадорлигини оширишнинг устувор вазифалари” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди
Жорий йилнинг 24-26-январь кунлари университетнинг барча факультетларида “Гуруҳ мураббийлари учун таълим-тарбия самарадорлигини оширишнинг устувор вазифалари” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди. Хабар берилганидек, семинарларда Фалсафа ва социология кафедраси мудири, профессор С.Чориев, кафедра доценти А.Шайманова, Миллий ғоя, маънавият асослари кафедраси доценти З.Боймуродовнинг “Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 22 декабрда Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти” ва “Таълим муассасаларидаги маънавий тарбияни оптималлаштириш вазифалари” мавзуларида маърузалари тингланди.
Бугунги кунда университетда таҳсил олаётган талаба-ёшлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, профессор-ўқитувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, университетни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида раҳбарият ташаббуси билан кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган академик гуруҳларга гуруҳ мураббийлари бириктириш амалиёти жорий этилди.
Айни мақсадда университет ректорининг жорий йил 16 январдаги тегишли буйруғи билан барча факультетларда мавжуд 460 та академик гуруҳларга тегишли малака талабларига жавоб берадиган, ёшлар билан ишлаш тажрибасига ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган профессор-ўқитувчилар гуруҳ мураббийи сифатида бириктирилди. Тадбирларда гуруҳ мураббийларининг асосий вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Якунда мавзуга оид бир қатор фикр-мулоҳазалар алмашилиб, ўзаро савол-жавоблар ўтказилди ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.