Университет янгиликлари

Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида

30 December, 2022

2022 йилнинг 20 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган навбатдаги Мурожаатномаси бўлиб ўтди. Унда анъанавий равишда Президент томонидан турли таклифлар билдирилди ва келгуси режалар баён қилинди.

Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётгани, халқаро ҳамжамият буни кенг эътироф этаётгани ҳам айни ҳақиқат эканлиги айтиб ўтилди.

Президент Қорақалпоғистон воқеаларига тўхталди. «Қорақалпоғистонда содир бўлган нохуш воқеалар халқимизни қаттиқ қайғуга солди. Худога шукур, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тезда изга тушди. Биз учун “Қорақалпоғистон ютуғи – бутун Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши – бутун Ўзбекистон ташвиши”, деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади!

Мурожаатномада мактабгача таълим, уй-жой коммунал, маҳаллабай ишлаш, инвестиция, давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик соҳаларида катта натижаларга эришлганлиги Президентимиз томонидан фахр билан изоҳланди.

Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаати чоғида Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликларга ажратишни таклиф қилди.

Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида «Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлишини, ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур, деб ҳисоблайман», деб таъкидлади.

Президентимиз ўз Мурожаатномасида: “Аҳолининг кўплаб ижтимоий муаммолари ҳал қилинади, биринчи навбатда, ишсизлик ва қашшоқликка барҳам берилишини, шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”- деб таъкидлади.

Маълумки, Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш учун тинимсиз изланаяпмиз. Якунига етаётган 2022 йил – ғоят мураккаб ва синовли йил бўлдганлиги эслатиб ўтилди.

Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиёт – фақат ва фақат жасоратли меҳнат орқали бўлади!”- деди Президентимиз.

Бундан ташқари кўтарилган масалалар аниқ ва ўринлилиги, қанчалик қийин бўлмасин, биз бу муаммоларни ечишимиз шарт. Ҳеч ким четдан келиб, буларни ҳал қилиб бермайди. Одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитларни туғдириб бериш асосий вазифамиз бўлиши керак- деди Президентимиз. 

“Халқимизга қанча имконият яратсак, бунинг фойдаси жамиятимизга ўн карра, юз карра бўлиб қайтади”-деб қилган мурожаати бизни янада фаоллашимизга туртки бўлди.

Муҳтарам Президентимиз кириб келаётган янги, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном беришни таклиф қилди.

Давлат бошлиғининг, ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ташаббускори ва уларнинг марказида турган ислоҳотчи раҳбар сифатидаги Мурожаатномаси бугунги мураккаб шароитда юртимизда бошланган кенг қамровли ислоҳотлар, “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларимизнинг бардавом бўлишини таъминлашда, ижтимоий ноёб ҳодиса “Ренессанс” – уйғониш, қайта тикланиш, юксалишга қаратилганлиги барчамизга аён.

Бундай Мурожаатнома барчамизни қувонтиради. Айни вақтда шуни таъкидлашни жоизки, бу демократик ўзгаришлар халқимиз, авваламбор, ёш авлодимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлаб, миллий манфаатларимиз йўлида амалга оширишга бўлган ҳаракат демакдир.

Ишончимиз комилки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасидан руҳланиб, жонажон Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, бор билим ва тажрибамиз, ақл-заковатимизни ишга солиб, ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган эзгу мақсадларимизга албатта етамиз.

 

О.Ҳайдарова

Қарши давлат университети Педагогика кафедраси доценти