Университет янгиликлари

ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН РЕКТOР ТАБРИГИ

30 December, 2022

Муҳтарам профессор-ўқитувчилар, азиз талабалар, қадрли ишчи-ходимлар!

Бетакрор диёримизга янги – 2023 йил қадам қўймоқда! Ушбу қутлуғ, унутилмас, шукуҳли дамларда Сизларни ва Сиз орқали оила аъзоларингизни чин қалбимдан қутлаб, самимий тилакларимни изҳор этишдан беҳад бахтиёрман.

Ҳар биримиз йил якунида келаётган йилда янгидан янги зафарларга эришишни, қалбларимиз тубидаги эзгу ниятлар ижобатини кўришни ният қиламиз. Ўтган йил якунида ҳам биз олдимизга ана шундай улкан мақсадлар қўйган ва бу йўлда тинимсиз меҳнат қилишни ўзимизга шиор қилиб олган эдик. Шуни фахр билан айтаманки, бутун жамоамиз билан ҳамжиҳатликда қилган машаққатли меҳнатимиз, тинимсиз изланишларимиз бугун ўз самарасини бериб турибди. Йил якунида университетимиз ҳаётида рўй берган катта воқеаларнинг ўзиёқ бунга далил бўла олади.

Бугун университетмизда ўтиб бораётган 2022 йилда амалга оширилган кенг кўламли ишлар ва улар бераётган натижалардан барчамиз чин қалбдан мамнунлик ҳис қилмоқдамиз. Ушбу машаққатли меҳнатларимиз меваси ўлароқ университетимиз талабалари илм-фан, спорт, маданият ва санъат каби қатор соҳаларда катта ютуқларни қўлга киритиб, эътирофга сазавор бўлмоқдалар. Қуйида уларнинг айримларини эслаб ўтишни жоиз билдим:

 – 2022/2023 ўқув йилида университетимизнинг 16 нафар талабаси юқори илмий салоҳиятга эга эканликларини намоён қилиб, Президент ва номли давлат стипендияларига сазовор бўлдилар;

– ушбу йилда ОТМлар ўртасида ўтказилган “Энг яхши китобхон талаба” республика танловида университетимиз талабаси Исмигул Самадова ғолибликни қўлга киритди;

– йил давомида талабаларимиз спортнинг қатор йўналишлари бўйича иқтидорларини намойиш қилиб, Ўзбекистон ва Осиё чемпионлигини қўлга киритдилар. Хусусан, Азизбек Тожиев жорий йилнинг биринчи ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича Осиё чемпионатида талабамиз Азизбек Тожиев олтин медалга сазовор бўлган эди. Азизбекнинг бу хизматлари муносиб эътироф қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирининг тегишли буйруғига асосан бокс спорт тури бўйича “Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси” унвони берилди. Шунингдек, Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида ёшлар, ўсмирлар ва кадетлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Феруза Бобоқулова -59 кг вазн тоифасида ёшлар ўртасида бронза, ўсмирлар ўртасида эса кумуш медалларини қўлга киритди. Бундан ташқари, Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Нурбек Муртазаев -81 кг вазн тоифасида бронза медалга сазовор бўлди. Спортнинг футбол тури бўйича эса университетимизнинг “Лочин” жамоаси Вилоят ҳокими кубогини ҳамда вилоят чемпионлигини қўлга киритганидан барчангиз хабардорсиз;

– йил якунига келиб, талабаларимизнинг яна бир катта ютуқ – юртимизда илк бор ўтказилган Интеллектуал олимпиадада республикадаги 50 та ОТМнинг 500 дан зиёд талабалари ўртасида умумжамоа ҳисобида мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, Президент совринига муносиб кўрилгани қалбларимизни чексиз ғурур ва ифтихорга тўлдирди. Ушбу катта ғалаба ортида Президент совғаси – янгидан бунёд этиладиган замонавий университет кутубхонасига эга бўлишимиз ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

Албатта, талаба йигит-қизларимизнинг бундай ютуқ ва натижаларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Улар чин маънода бугуннинг қаҳрамонларига айландилар. Ишонч билан шуни изҳор қиламанки, таълим даргоҳимизда илмли, зукко ва ташаббускор ёшларнинг етишишида, аввало, Сиз азиз устозларнинг меҳнатингиз алоҳида аҳамият касб этди.

Ҳақиқатан, ушбу йил барчамиз учун қувонарли ва фахрланишга арзигулик ишларга бой бўлди. Жумладан,  Қарши давлат университети World University Rankings – 2023 халқаро рейтингида “репортер” мақомига эга бўлгани, “TOP-1000” талик халқаро рейтингга кириш учун даъвогар сифатида қайд этилгани, 2022 йил якунлари бўйича UI Green Metric World University Ranking халқаро рейтинг агентлиги рейтингида дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан қатнашган ОТМлар ичида Қарши давлат университети 2710 балл билан 978 ўринда қайд этилгани, жаҳоннинг нуфузли қатор университетлари билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилгани, олийгоҳимизда амалга оширилаётган кўплаб бунёдкорлик ишлари ва бошқа муҳим воқеалар ҳар биримиз учун ифтихор ҳамда шараф туюшимизга муносиб сабабдир.

Бундан ташқари, 2022 йилда ўтган йилларга нисбатан илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш самарадорлиги ҳам сезиларли одимлади. Жумладан, университетида 8 та фан доктори (DSc) ва 56 та фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация ишлари ҳимоя қилинди. Натижада илмий салоҳият 5,1 фоизга ошиб, 37,3 фоизга етди. Шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари, таянч докторантлари ва мустақил изланувчилари томонидан ўтган 2022 йилда 36 та дарслик, 82 та монография, 45 та рисола, 144 та ўқув қўлланмалар чоп этилди.

Алоҳида қайд этиш зарурки, мамлакатимизда таълим соҳасига эътибор йилдан йилга ошиб бормоқда. Янги 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб номланиши ҳам бунга яна бир далилдир. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтанда: “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда, чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”. Албатта, таълим сифатини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар, ўз навбатида, соҳа вакиллари зиммасига қўшимча масъулият юклашини асло унутмаслигимиз керак.

Бугунги қувончли онларда, қутлуғ лаҳзаларда, бутун университет жамоасига шуни эслатмоқчиманки, эришилаётган ҳар бир янги натижалар, ютуқ ва эътирофларнинг асоси тинч ва осуда мамлакатда яшаётганимиздир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида ҳақли равишда таъкидлаганларидек: “Ҳар куни, ҳамма ерда гапиришимиз керак – тинчлик ҳамма нарсанинг замини, тинчлик бўлмаса ҳеч қандай натижага эриша олмаймиз... Энг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етайлик, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлик”.

Дарҳақиқат, тинчлик – бебаҳо неъмат. Шу боис унинг шукрини тўла тўкис адо этишимиз ва муносиб равишда меҳнат қилишимиз ҳаммамизнинг инсоний бурчимиздир. Президент мурожаатида ҳам айни масалага диққат қаратилгани бежиз эмас: “Муаллимларимиз, тарбиячиларимиз, мураббийларимиз, профессорларимиз олийгоҳларда ёшлар онгига шукроналик ҳиссини сингдириши керак. Ҳаётимизнинг файзу барокати шунда”.

Қадрли университет жамоаси! Барчангизни янги йил билан яна бир бор табриклаб, қалбимдаги энг самимий тилакларимни изҳор этаман. Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин! Барчамизнинг эзгу орзу-ниятларимиз ушалсин! Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин! Янги – 2023 йил барчамизга муборак бўлсин!

 

Дилмурод НАБИЕВ,

Қарши давлат университети ректори, профессор