Университет янгиликлари

Истиқболли ҳамкорлик самаралари

17 June, 2022

Хабарингиз бор, куни кеча Туркияда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркия олий таълим муассасалари ректорларининг халқаро форумида таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти соҳасида кўплаб келишувлар имзоланди. Жумладан форумда иштирок этган Қарши давлат университети ректори Д.Набиев Туркиянинг Эге университети ҳамда университетнинг қатор институтлари, факультетлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолади. Шунингдек, Истанбул университети ҳамда Йилдиз техника университетлари билан узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорлик доирасида келишув олиб борди. Жорий йилнинг 16 июнь куни ана шу ҳамкорлик алоқаларининг натижаси сифатида Эге университети Турк дунёси тадқиқотлари институти билан ZOOM платформаси орқали учрашув ташкил қилинди. 

Онлайн мулоқотда Турк дунёси тадқиқотлари институти директори, профессор, доктор Надим Мажит, директор ўринбосарлари, профессор, докторлар Алимжан Инайет, Атиф Акгун, Турк фольклори кафедраси мудири, профессор, доктор Метин Экичи, Турк тарихи кафедраси мудири, профессор, доктор Осман Каратай, Турк санъати кафедраси мудири, профессор Айгул Учар, Турк тили ва диалекти кафедраси профессори Иброҳим Шаҳин ҳамда Қарши давлат университети Филология факультети профессор-ўқитувчилари иштирок этди. Учрашувда Ўзбек тили ва адабиёти, фольклор, санъат, тарих йўналишларида ҳамкорликни йўлга  қўйиш, икки олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалари алмашинуви, стажировка, қўшма лойиҳалар тайёрлаш, ҳамкорликда нуфузли илмий журналларда мақолалар чоп этиш каби бир қанча муҳим масалаларда келишувларга эришилди.