“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди
Қарши давлат университетида вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигида навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Унда ёшлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар, уларни қийнаётган муаммолар муҳокама қилиниб, масалаларни ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Тадбир давомида қашқадарёлик Гулшан Алимардоновага алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, у ўтган йил 27–30 ноябрь кунлари Мисрнинг Қоҳира шаҳрида карате бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида -50 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, карате WKF йўналишида жаҳон чемпиони бўлган илк ўзбекистонлик аёл спортчига айланган эди. Учрашув доирасида вилоят ҳокими томонидан спортчи қизга Президентимиз совғаси сифатида Қаршидаги “Янги Ўзбекистон” массивида жойлашган икки хонали уй калити тантанали равишда топширилди. Шунингдек, аввалроқ у Президентимиз номидан автомашина билан ҳам тақдирланган эди. Шу билан бирга, тадбирда аввалги учрашувлар давомида мурожаат қилган ёшларнинг ижобий ечим топган масалалари юзасидан уларга белгиланган тартибда ваучерлар топширилди.