Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқий ҳимояси: амалдаги қонунчиликнинг комплекс таҳлили

Инсон шаъни ва қадр-қиммати замонавий ҳуқуқий давлатнинг марказий категорияси ҳисобланади. сўнгги йилларда ўзбекистонда мазкур қадриятни амалий жиҳатдан таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ислоҳотлар изчил давом этмоқда. айниқса, тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш соҳасида қонунчилик базасининг мустаҳкамланиши давлатнинг инсонпарвар сиёсатини намоён этади. Менинг фикримча, тазйиқ ва зўравонликка қарши самарали курашиш фақат жазо чораларини кучайтириш билан эмас, балки ҳуқуқий ҳимоя механизмларини комплекс равишда шакллантириш орқали таъминланади. шу нуқтаи назардан, амалдаги қонунчиликни тизимли таҳлил қилиш долзарб илмий вазифа ҳисобланади. 2023-йилги янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқларини устувор қадрият сифатида мустаҳкамлади. Конституциянинг 26-моддасида инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз экани қатъий белгилаб қўйилган. Ушбу норма фақат декларатив характерга эга эмас, балки барча соҳавий қонунлар учун методологик асос вазифасини бажаради. 58-модда давлатнинг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мажбуриятини мустаҳкамлайди. 76-модда эса оиланинг давлат муҳофазасида эканини белгилайди. Таҳлил шуни кўрсатадики, мазкур конституциявий нормалар соҳавий қонунчиликда ўз ифодасини топган ва уларни қўллаш амалиётида судлар учун бевосита ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59²-моддасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ушбу норма жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда қўлланилади. Шунингдек, 206¹-моддага кўра, ҳимоя ордери талабларини бузиш мустақил ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади. Менингча, маъмурий жавобгарликнинг аҳамияти унинг жазолашдан кўра, профилактик характерга эгалигида намоён бўлади. Бу босқичда давлат ҳуқуқбузарни огоҳлантиради ва келгусида оғирроқ оқибатларнинг олдини олишга интилади. 2023 йилда Жиноят кодексига киритилган 126¹-модда оилавий (маиший) зўравонлик учун алоҳида жиноий жавобгарликни белгилади. Бу норманинг жорий этилиши миллий қонунчиликда муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Бундан ташқари, зўравонлик ҳаракатлари қуйидаги моддалар билан квалификация қилиниши мумкин:

104–105-моддалар – баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш;

109-модда – енгил шикаст;

110-модда – қийноқ;

118–122-моддалар – жинсий зўравонлик;

103-модда – ўзини ўлдириш даражасига етказиш.

Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар 56-моддада белгиланган.

Таҳлил шуни кўрсатадики, жиноий жавобгарлик институти зўравонликка нисбатан давлатнинг муросасиз муносабатини ифодалайди. Шу билан бирга, жазони индивидуаллаштириш тамойили муҳим аҳамиятга эга. Зўравонлик натижасида етказилган зарар фақат жиноий жазо билан чекланмайди. Фуқаролик кодексининг 985-моддасига кўра, етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланиши шарт. 1007-модда маънавий зарарни қоплаш имкониятини назарда тутади. Бу норма айниқса руҳий азоб-уқубат ҳолатларида муҳим аҳамиятга эга. Менинг фикримча, фуқаролик-ҳуқуқий механизм жабрланувчининг адолат туйғусини тиклашда ҳал қилувчи воситадир. Маънавий зарар миқдорини белгилашда судлар адолат ва оқилоналик мезонларига таяниши лозим. 2022-йилги янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида камситиш ва мажбурий меҳнат тақиқланган (6- ва 154-моддалар). 181–182-моддалар интизомий жавобгарликни тартибга солади. Иш жойидаги тазйиқ ҳолатлари меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган чораларни қўллашга асос бўлади. Бу нормалар меҳнат муҳитининг хавфсиз ва адолатли бўлишини таъминлашга қаратилган. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23- ва 26-моддалари ҳимоя ордерини бериш тартиби ва амал қилиш муддатини белгилайди. Ҳимоя ордери – фавқулодда ҳуқуқий ҳимоя воситаси бўлиб, у зўравонликнинг такрорланишини олдини олишга қаратилган. Менингча, мазкур институт профилактика ва жазо ўртасидаги муҳим ҳуқуқий кўприк вазифасини бажаради. Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистон Республикасида тазйиқ ва зўравонликка қарши ҳуқуқий механизмлар кўп босқичли ва ўзаро уйғун тизимни ташкил этади. Конституциявий кафолатлар, маъмурий ва жиноий жавобгарлик, фуқаролик-ҳуқуқий компенсация ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳимоя чоралари бир-бирини тўлдиради. Шу билан бирга, амалиётда ҳуқуқни қўллаш бир хиллигини таъминлаш, жабрланувчиларни ижтимоий реабилитация қилиш ва маънавий зарарни баҳолаш мезонларини такомиллаштириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш фақат ҳуқуқий эмас, балки ижтимоий-ахлоқий муаммо ҳамдир. Шу боис, ҳуқуқий чоралар жамоатчилик онгини ошириш ва профилактик тадбирлар билан уйғунлаштирилгандагина самарали бўлади.

Қарши давлат университети профессори Абдураҳмон Якубов