Университет янгиликлари

14-январь — Ватан ҳимоячилари куни

13 January, 2022

Муҳтарам профессор-ўқитувчилар, қадрли ишчи-ходимлар, азиз талабалар!

Гўзал ва жаннатмакон юртимизнинг тобора ривожланиб бораётганлигида ҳар бир фуқаролар қаторида мард ва жасур, сарҳадларимизни кўз қорачиғидай асраётган  юртимиз ҳимоячиларининг ҳам ўрни беқиёсдир. Жорий 2022-йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганига 30 йил тўлмоқда. Шу ўтган йиллар мобайнида юртимиздаги ҳар бир ёш-у қарининг тинч ва ҳаловатли ҳаётинининг асоси мана шу Ватан ҳимоячиларининг улуғ хизматлари самарасидир. Албатта, юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ҳар биримиз, шу қаторида биз олий таълим тизими жамоаси ҳам ўз ҳиссамизни қўшиб боришимиз шартдир. Шундай экан “Ватан ҳимоячилари куни” нафақат Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётганлар, балки ҳар биримизнинг байрамимиздир.

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, бу байрамнинг юртимизда нишонланиши халқимизнинг ўз армиясига бўлган чексиз ҳурматини, йигитларга бўлган ифтихорини, тинчликка бўлган севгисини намоён этади. Давлатимиз раҳбарининг “Армия ва халқ бир тан-у бир жондир” дея илгари сурган фикри ҳам айни шу ғоя асосига қурилгандир. Дунё мамлакатлари ва қўшни давлатларимизда бўлаётган воқеаларни кузата туриб, тинчлик ва осойишталик каби туйғуларнинг нақадар бебаҳо неъмат эканлигини чуқур англаб етмоқдамиз. Ҳур ўлкамизнинг ҳилпираб турган байроғини кўриб қалбимизда шукроналик ҳисси барқ уради ҳамда чегарамиз дахлсизлигини сақлаб келаётган жасур йигит ва қизларга бўлган ҳурмат ва эҳтиромимиз янада бўй чўзади. Шоир айтганидек: “Йигит омон бўлса, қўрғон саломат”.

Юрт тупроғининг заррасинида муқаддас билиб қўриқлаётган кўкси қалқон, забардаст Ватанимиз посбонларига шараф ва зафарлар доимо ёр бўлсин. Оилавий соғлик ва хотиржамлик, омонлик ҳамроҳингиз бўлсин. Осмонимиз мусаффолигига, юртимиз тинчлигига кўз тегмасин. Байрам муборак бўлсин.

 

Дилмурод НАБИЕВ,

Қарши давлат университети ректори

Теглар: #14-yanvar