
Қашқадарё ёшлари: орзулар сари “Эл-юрт умиди” билан
Қарши давлат университетида “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти ва унинг имкониятларини кенг тарғиб этишга қаратилган учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” сифатида хорижда таълим олган ҳамда ҳозирда вилоятимизда самарали фаолият юритаётган иқтидорли ёш мутахассислар иштирок этдилар. Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2024-йил 28-июнь куни фаол ёшлар билан ўтказилган видеоселектор йиғилиши баёнининг 31-сон топшириғига мувофиқ, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчиларга “Эл-юрт умиди” жамғармасининг хорижда таълим олиш имкониятлари, ўқиш жараёнини ташкил этиш тартиби ҳамда қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, жамғарма кўмагида хорижда таҳсил олиб, юртимизга қайтган ёш мутахассислар томонидан амалга оширилаётган ижтимоий ва инновацион лойиҳалар тақдимоти намойиш этилди. Мазкур учрашув ёшларни янги ғоя ва ташаббусларга руҳлантириш, уларнинг билим ҳамда тажрибаларини амалиётга татбиқ этишга хизмат қилди.