Университет янгиликлари

ҚарДУда тиббиёт факультети очилди

13 September, 2021

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Қарши давлат университетида янги ташкил этилган Тиббиёт факультетининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. 2021-2022-ўқув йили учун қабул параметрларига асосан университетга даволаш иши, педиатрия иши таълим йўналишлари бўйича 50 нафардан, жами 100 нафар талаба қабул қилинди. Шунингдек, Қарши давлат университети ҳамда Россия Федерацияси Приволжск тадқиқот тиббиёт университети ўртасида жорий йил 9 июлда имзоланган халқаро ҳамкорлик шартномасига кўра даволаш иши, педиатрия иши таълим йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурлари (3+3) асосида  50 нафар ёшлар талабаликка қабул қилинди.

 

Очилиш маросимида Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Н.Холмирзаев, Табиий фанлар факультети декани Б.Бойсунов сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра янги ташкил этилган ушбу факультет вилоят тиббиёти учун замонавий билимларга эга мутахассислар тайёрлашда мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишини қайд этишди. Бўлажак шифокорларга халқ хизматини қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдек эзгу ишда уларга улкан зафарлар тиладилар. Тадбирда 1-курс талабалари талабалик қасамёдини қабул қилди.

 

Маълумот ўрнида, талабалар амалиётларини ташкил этиш учун Қарши шаҳрида жойлашган 12 та тиббиёт  муассасалари “Клиник база” сифатида белгиланди ва улар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.