Университет янгиликлари

Халқимиз нигоҳида янги руҳ ва кўтаринки кайфият акс этган кун

8 September, 2021
Куни кеча юртимизда ўтказилган мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган байрам тантаналари барчамизга катта қувонч улашди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маросимдаги нутқи катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик бўлгани боис мамлакат жамоатчилиги, хорижий мамлакатлар вакилларининг кўплаб эътирофига сазовор бўлди.
Давлатимиз раҳбари ватандошларимизни энг улуғ байрамимиз билан қутлар экан, мустақиллигимизнинг қадр-қиммати, туҳфа этган имкониятлари, унинг шарофати билан диёримизда амалга оширилган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ифодалаб берди.
Сермазмун маърузанинг ижтимоий аҳамияти шундаки, у халқимизнинг мустақиллик йиларида босиб ўтган машаққатли йўлига яна бир бор назар ташлаш имконини берди. Давлатимиз раҳбари истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида муҳим ишлар бажарилганини қайд қилар экан, замонавий давлатчилик асослари шакллантирилганини, мамлакатимиз мустақиллигини муҳофаза қилишга қодир Қуролли кучлар барпо этилганини, миллий валютамиз жорий этилганини, миллий маданиятимиз тикланганини том маънода тарихий зафарларга қиёслади.
“Кўпни кўрган халқимиз,- деб таъкидлади Президентимиз,- ўзининг мустаҳкам иродаси ва матонати, беқиёс салоҳиятини намоён этиб, тарихан қисқа фурсат ичида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди”. Нутқда Янги Ўзбекистон барпо этилаётган бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг салмоғини чуқур ҳис қилишга, англаб етишга ундайдиган фикрлар келтирилди. “Биз бугун,- деди Президентимиз,- халқчил ва демократик тамойилларга асосланган янги Ўзбекистон давлатини, эркин фуқаролик жамиятини барпо этмоқдамиз”. Дарҳақиқат, ушбу йўлда жамиятимизнинг сиёсий пойдевори мустаҳкамланмоқда, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётини оғир инқирозга йўлиқтирган бир шароитда диёримиз иқтисодиётида таркибий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни тубдан юксалтиришга муваффақ бўлинмоқда. Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янгича тизимининг шакллантирилгани, аҳоли фаровонлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани, соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат, спорт соҳаларидаги ислоҳотлар Ота маконимизнинг қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.
Ушбу маъруза кўзлаган мақсад-муддаоларимиз, Ватанимиздаги ижтимоий тараққиёт мўлжалларига назар ташлаш, бу мақсад-муддаоларни чуқур илғаб олиш имконини берди. Бугун Ўзбекистон ўз ижтимоий тараққиётининг бурилиш палласида турибди. Шу нуқтаи назардан Мустақиллик байрамининг “Янги Ўзбекистон” деб ном олган муаззам боғда ўтказилаётганининг ўзида бир тимсол, маъно мавжуд. Она диёримиз фуқаролари фаровон ва саодатли турмуш кечирадиган озод ва обод Ватан сари интилмоқда. “Бугун биз,- деб таъкидланди маърузада,- ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган юксак мақсадларимиз сари дадил бормоқдамиз. Вужудимизда, қонимизда аждодларимиздан мерос буюк қудрат жўш ураётган экан, биз эзга орзу ва мақсадимиз бўлмиш янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз. Ўзбекистон ҳар томонлама обод ва фаровон, эркин демократик мамлакатга айланади.”
Албатта, Давлатимиз раҳбари томонидан айтиб ўтилган барча фикрлар халқимиз нигоҳида янги руҳ ва кўтаринки кайфиятни акс этди. Бу эса, Ватан тақдири билан яшаётган юртдошларимиздаги масъулият, амалга оширилаётган ислоҳотларга даҳлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Кўзланган мақсадлар улуғ, амалга оширилаётган ишлар кўлами беқиёс. Бироқ улуғ мақсадлар ўз-ўзидан воқеликка айланмайди. Унга интилиш, унинг йўлида меҳнат қилиш, фуқаролик бурчи ва меҳнат вазифаларига сидқидилдан ёндашиш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Бу масъулиятли бурчни бажариш учун давлатимиз раҳбарининг маърузасида илгари сурилган концептуал ғояларни муфассал ўзлаштирмоғимиз, уларни ҳаётга татбиқ этишда жонбозлик кўрсатмоғимиз зарур бўлади.
 
Дилмурод Набиев,
Қарши давлат университети ректори