Университет янгиликлари

Вазир ўринбосари Қашқадарё вилоятидаги таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни билан танишди

24 July, 2021

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов жорий йилнинг 24 июль куни Қашқадарё вилоятида жойлашган олий таълим муассасалари ва профессионал таълим муассасаларининг янги ўқув йили ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди. Вазир ўринбосари дастлаб Қарши давлат университетида бўлиб, талабалар турар жойларида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Талабалар турар жойларининг ҳар бир қаватида жойлашган ошхона, дарс тайёрлаш хонаси, ювиниш хонаси ва ҳожатхоналар сифатли тарзда қайта таъмирланади. Қарши давлат университети талабалар турар жойлари 1186 нафар талабалар яшашига мўлжалланган,  таъмирлаш, мақбуллаштириш жараёнларидан сўнг бу кўрсаткич 2471 нафарни ташкил қилади. Яъни, ётоқхонага эҳтиёжи бор талабаларнинг турар-жой билан таъминлаш қамрови 55 фоизга етади. Университет ҳудудида талабалар қўшимча қулайлик яратиш мақсадида сендвич панелли кир ювиш хонаси, сунъий қопламали волейбол, баскетбол ва футбол майдонлари бунёд этилмоқда.

Вазир ўринбосари С.Бузрукхонов ётоқхоналарда талабаларга янада қулайлик ва шарт-шароитлар яратиш борасида ўзининг зарур тавсия ва кўрсатмаларини берди.  

Шундан сўнг Сарвархон Бузрукхонов Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг Қарши филиали талабалар турар жойида олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишларини ҳам бориб кўрди. Филиал масъуллари билан мулоқот чоғида  объектлардаги қурилиш-таъмирлаш жараёнлари, янги ўқув йилига тайёргарлик ишларини ўз вақтида сифатли якунлаш зарурлигини таъкидлади ҳамда бу борада юзага келиши мумкин бўлган масалаларни ҳал этишда вазирлик ёрдам беришга доим тайёр эканини маълум қилди.