Университет янгиликлари

Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларида ўзаро ишонч ҳамда ҳамкорлик пойдевори мустаҳкамланди

19 July, 2021

Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Афғонистон Ислом Республикаси президенти, Покистон Ислом Республикаси бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этган анжуман минтақамиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги энг муҳим воқелик сифатида эътироф этилмоқда.

Анжуманда қизғин муҳокама этилган ҳаётий муҳим масалалар дунё жамоатчилигининг диққат марказида бўлди. Ушбу анжуман ҳам қўшни мамлакатлар билан тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олган мамлакатимизнинг иродасини, танлаган йўлининг эзгулигини яна бир бор кўрсатиб берди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади.

Президентимиз тарихи ва тақдири чамбарчас боғлиқ бўлган ушбу минтақа халқлари асрлар давомида бир-бирининг маданиятини бойитганлигига эътиборни қаратиб: «Икки минтақанинг ўзаро яқин ҳамкорлиги натижасида янги билим ва фалсафий қарашлар, тиббиёт ва астрономия, жўғрофия ва математика, геодезия ва меъморчилик, дипломатия санъати ва давлат бошқаруви соҳасидаги ютуқлар, юксак маданий ва маънавий-маърифий қадриятлар кенг ёйилди», дея таъкидлаб ўтди.

Тарихий вазият тақозоси билан икки минтақа алоқаларининг узилиб қолганлиги эса салбий оқибатларни келтириб чиқарганлигини Президентимиз афсус билан эътироф этди. Бугун дунё катта ўзгаришларни бошидан кечиряпти. Янги замоннинг талаблари ҳам янгича.

Президентимиз янги глобал геосиёсий ўзгаришлар даврида қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш, ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш ҳаётий заруриятга айланганини, ҳали ишга солинмаган улкан имкониятларни рўёбга чиқариш барча учун манфаатли эканлигига алоҳида эътибор қаратди.

"Ўзбекистон конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо тайёр бўлган ишончли шерикдир" — деди, Шавкат Мирзиёев. Анжуман давомида Президентимиз ушбу мақсадларнинг рўёбга чиқиши учун дастуриламал бўлган муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Шунингдек, анжуманда давлатимиз раҳбарининг илм-фан, технология ва инновация соҳаларидаги ҳамкорликка қаратилган ташаббуслари алоҳида диққатга сазовордир. Хусусан, Президентимиз томонидан:

- Илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш мақсадида Термиз шаҳрида ЮНEСКО шафелигида «Марказий ва Жанубий Осиё тарихий мероси» мавзуида халқаро форум ўтказиш таклиф қилинди;

- Ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш ғояси илгари сурилди;

- Марказий ва жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш, шунингдек, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратиш таклиф этилди;

- Конференция арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилди. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ушбу таҳлил маркази қошида мамлакатимизнинг таниқли олимлари, тадқиқотчи ва таҳлилчилардан иборат Экспертлар кенгашини тузиш таклифи илгари сурилди.

Кўриниб турибдики, ҳар бир ташаббусдан улуғвор мақсадлар кўзланган. Уларнинг амалга ошиши икки минтақа халқларини илмий, маданий, маърифий жиҳатдан яна яқинлаштиради ҳамда келажакда улкан муваффақиятларга пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Конференцияда хавфсизлик ва барқарорлик – минтақаларимизнинг изчил ривожланиши ва ўзаро алоқаларимиз мустаҳкамланишининг асосий шарти эканлиги таъкидланди. 

Тарихан икки минтақани боғловчи кўприк вазифасини бажариб келган, бироқ сўнги йилларда улар ўртасида тўсиққа айланиб қолган Афғонистон муаммоси - конференциянинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Шу боис Афғонистонда тинчликка эришишдан энг аввало, минтақа халқлари манфаатдор эканлигига эътибор қаратилди.

Бу борада ҳам Ўзбекистоннинг позицияси конструктив характерга эгалиги эътироф этилди.

Икки минтақани қайта боғлаш бўйича Тошкент конференцияси муваффақиятли тарзда ўтди. Келажакда у ўзининг амалий самарасини бериши, шубҳасиз. Ушбу конференция Ўзбекистоннинг халқаро сиёсий мавқеи тобора юксалиб бораётганлигини яна бир бор кўрсатди.

Дилмурод Набиев,

Қарши давлат университети ректори

Манба: xs.uz