Университет янгиликлари

Замонавий филология илми ва лингводидактика масалалари

12 June, 2021

Жорий йилнинг 11 июнь куни Қарши давлат университетида “Замонавий филология илми ва лингводидактика масалалари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди. Хорижий тиллар факультети Француз тили ва адабиёти кафедраси томонидан ташкил этилган анжуманда ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича проректори, филология фанлари доктори, профессор Р.Х.Ширинова, ЎзМУ филология фанлари доктори, профессор А.Э.Маматов, ЎзДЖТУ филология фанлари доктори, профессор Ж.А.Якубов, СамДЧТИ филология фанлари доктори, профессор У.Д.Қаршибоева, республикамизнинг бошқа олий таълим муассасаларидан тилшунос, адабиётшунос ва таржимашунос олимлар, тадқиқотчилар, магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар, шунингдек, хорижий таълим даргоҳларидан соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди. Илмий анжуманни Қарши давлат университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Н.Холмирзаев кириш сўзи билан бошлаб берди. Жумладан, ҚарДУ проректори мазкур конференцияни ўтказишдан мақсад ҳукуматимизнинг илм-фанни ривожлантириш соҳасидаги қарорлари ва буйруқлари асосида хорижий тилшунослик ва адабиётшуносликнинг қиёсий-типологик таҳлили хусусида таниқли тилшунос ва адабиётшунос олимларнинг фикрларини умумлаштириш, илм-фанга лаёқатли ёшларни кашф этиш, уларда илм-фан ва технологияларга рағбатни кучайтириш назарда тутилганини таъкидлади. Анжуман йиғилишларида элликдан ортиқ маърузалар тингланди. Маърузаларда замонавий тилшунослик ва адабиётшунослик соҳасидаги долзарб масалалар ёритилди, илмий-назарий ечимлар, аниқ тавсиялар қизғин муҳокама этилди. Илмий анжуман якунида соҳа илм-фанни ва таълими самарадорлигини ошириш юзасидан муҳим хулосалар ишлаб чиқилиб, келгуси режалар белгилаб олинди. Айтиш жоизки, ташкил этилаётган мазкур анжуманлар орқали илмий изланишларда тадқиқ қилинмаган долзарб мавзулар аниқланади, янги тадқиқотлар учун замин яратилади. 

Аъзолик @qarduuz