Вазир Қарши давлат университетида янги очилган экспортчи компания билан танишди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Қарши Давлат университетидаги “Us High Quality International Logistics Service” МЧЖ ҳамда Инкубация марказига ташриф буюриб, талабаларнинг инновацион стартап лойиҳалари билан яқиндан танишди.
“Us High Quality International Logistics Service” МЧЖ Россия федерациясидаги логистика корхоналарига аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиб келмоқда. Корхонада 20 нафар янги иш ўрни яратилган ҳамда 100 нафарга яқин иш ўрни яратиш бўйича режалаштирилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Танишув давомида ушбу компания олий таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашуви йўналишида муҳим қадам сифатида эътироф этилди.
Университет негизида ташкил этилган компания олий таълим муассасаларининг ишлаб чиқариш билан боғланиши ва талабаларнинг назарий билимларини амалиётга татбиқ этиш имкониятларини кенгайтиради.
Компания нафақат илмий билимлар платформасини яратишга, балки ҳудуддаги ёшлар учун янги иш ўринлари яратишга ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Инкубация маркази эса ёшлар учун янги ғояларни ривожлантириш ва технологик ечимларни амалга ошириш бўйича муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
Ташриф чоғида Шерзод Шерматов талабаларнинг энг долзарб ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларидан бири – ногиронлиги бор ва кўзи ожиз фуқаролар учун мўлжалланган “ақлли ҳасса” лойиҳаси билан танишди. Ушбу лойиҳа жамиятнинг заиф қатламлари – кўзи ожиз ва жисмоний чекловларга эга бўлган инсонларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг кундалик ҳаётда мустақил ва эркин ҳаракатланишини енгиллаштиришга қаратилган.
“Ақлли ҳасса” махсус сенсорлар билан жиҳозланган бўлиб, у йўлни тўсиқлардан ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни аниқлаш ва фойдаланувчига овозли сигнал орқали йўналишни кўрсатиш имкониятини беради. Шунингдек, хавфли вазиятларни олдиндан сезиб, йўналишни ўзгартириш ёки тўхташ ҳақида фойдаланувчини хабардор қилади. Бу технология ногиронлиги бор инсонларнинг мустақил ҳаракатланиш имкониятларини сезиларли даражада яхшилайди.
Вазир мазкур лойиҳани юқори баҳолаб, унинг жамиятдаги ногиронлиги бор инсонларга кўрсатадиган амалий ёрдамини алоҳида таъкидлади. Вазир талабаларга лойиҳа доирасидаги технологияларни янада такомиллаштириш ва уни кенгроқ жамоатчиликка етказиш бўйича тавсиялар берди.
Шунингдек, бу каби инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ёш стартапчиларга янада кенг имкониятлар яратиш лозимлигини таъкидлади.
Ташриф якунида вазир инкубация маркази фаолияти ва ундаги лойиҳаларнинг аҳамиятини таъкидлаб, Ўзбекистонда ёшларни IT соҳасида қўллаб-қувватлаш ва янги технологияларни ишлаб чиқиш бўйича давлат томонидан зарур шароитлар яратилаётганини қайд этди.
Шунингдек, вазир ёш стартапчиларга янада кўпроқ мотивация бериб, уларнинг инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этишда янги босқични бошлаб бериши қўшимча қилинди.