Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!
Қадрли ҳамкасблар, азиз талабалар!
“Эрк – манзилмас. Эрк – йўлдир...”, деганида нақадар ҳақ сўзни айтган эди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. Дарҳақиқат, ҳурлик бу – доим кураш, меҳнат ва машаққат, интилиш билан босиб ўтиладиган ва унинг натижасида янгидан янги марралар забт этиладиган ниҳоясиз йўлдир. Ватанимиз ҳам бугунги ҳурлик шабадасининг эсиши учун узоқ курашларга тўла шонли йўлни босиб ўтди. Ушбу йўлнинг Ватан учун қанчалар қимматга тушганини кўрган ота-боболар мустақиллик ҳақида гапирилганда кўзларига ёш оладилар, бу неъматнинг қадрига етиш ҳақида узоқ сўзлайдилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳақли таъкидлаганларидек, “Бундан ўттиз уч йил олдин ўта оғир ва мураккаб тарихий вазиятда қўлга киритилган миллий истиқлолимиз бугунги кунда кўп миллатли бутун халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсад йўлида бирлаштириб, янги ютуқ ва марралар сари илҳомлантирмоқда” (“Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарордан).
Мустақиллик бу – улуғ неъмат. Бунга тарих гувоҳ, қонидан, жонидан кечган жасур юрт фарзандлари гувоҳ. Бугун қандай марралар, қандай улкан натижаларга эришаётган бўлсак, барчасига истиқлол сабаб. Яна қарорда айтиладики: “Айнан мустақиллик туфайли мамлакатимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланди. Дунё бизни янгидан таниди ва тан олди. Ер юзидаги турли давлатлар ва халқлар билан дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларимиз тобора кенгайиб, юртимизнинг халқаро майдондаги мавқейи ва нуфузи ортиб бормоқда”.
Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз эркин ва озод халқлар оиласида муносиб ўрнини топди. Бир сўз билан айтганда, замонавий тараққиётга эришиш орқали давлатимиз ўзининг мустақиллигини янада мустаҳкамламоқда. Албатта, бу улуғ ва шарафли йўлда юриш, ўзининг ўрнини сақлаб қолиш, уни янада юксалтиришнинг улкан масъулияти ҳам бор. Бу масъулиятнинг юкини эса ҳар бир фуқаро қалбан чуқур ҳис қилмоғи, шу билан бирга, ушбу юкдан ўзига улуш олмоғи лозим. Чунки бундан халқнинг ҳар бир вакилига буюк манфаат ва яхшиликлар бор. Улуғ файласуф Иоганн Гёте: “Халқнинг ғайрати, ақли ва яхши фазилатларига йўл очиб берувчи эркинликнигина қўллаб-қувватлаш керак”, деганида айни шу жиҳатни назарда тутган. Бунга далил сифатида истеъдодли ёшларимизнинг ҳар соҳада ўзларини кўрсатаётганлирини келтириш мумкин. Биргина Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида спортчиларимизнинг оламшумул натижа кўрсатгани, байроғимизни юксакларга кўтариб, ватанимиз довруғини оламга ёйганини айтиш кифоя. Бу истеъдодларни истиқлол етиштирганини зинҳор унутмаслик керак. Юрт озодлиги ва ободлиги йўлида бирлашилса, тараққиёт сари бирдамлик билан дадил қадам босилаверса, бундай зафарли юришларимиз давомли бўлишига ҳеч шубҳа йўқ.
Бу йилги Мустақиллик тантаналарининг “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида жамлаган шиор билан ўтказилиши замирида ҳам ўзига хос ҳикмат бор. Эътироф қилиш жоиз, истиқлол қўлга киритилгандан кейинги давр мобайнида миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланиши, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари янги қиёфа касб этиши, шунингдек, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида эътироф қилиниб, ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишида халқимизнинг бирдамлик билан қилган фидокорона меҳнатлари бош омил бўлди. Ушбу бирдамлик билан юртимизда эришилаётган қатор ютуқлар, бўлаётган ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар негизида олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Соҳамизнинг юрт равнақида нақадар муҳим аҳамият касб этишини президентимизнинг “Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни – билим, таълим ва тарбия бўлади”, дейишидан ҳам англаш мумкин. Ҳақиқатан, мамлакатнинг равнақ топиши ва тараққиёти илмли, салоҳиятли кадрларнинг етишуви ҳамда уларнинг салмоғига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, таълим тизимини ривожлантириш бугуннинг энг долзарб масалисидир. Унга давлат сиёсати даражасида ва энг устувор вазифа сифатида қаралаётгани ҳам бежиз эмас. Бу ўз ўрнида масъулиятнинг катта қисми соҳа мутахассислари, яъни бизнинг зиммамизга тушишини кўрсатади. Албатта, бундай улкан масъулиятни университетимизда фаолият юритаётган ҳар бир профессор-ўқитувчи, ишчи-ходим ич-ичидан ҳис қилиб, ушбу жараёнларга фаол иштирок этишига асло шубҳа йўқ. Бундай дейишимизга асосли сабаблар бор. Жамоамиз томонидан ҳар ўқув йилида эътироф этишга арзигулик муваффақиятларга эришилмоқда. Албатта, университет жамоасининг бундай ютуқларни қўлга киритишида ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилганлиги катта аҳамиятга эга. Қайд этиш зарурки, ҳар йили университетимиз ҳудудида янги бир бинонинг очилиш маросимини ўтказиш анъана тусини олди. Бунга сиз муҳтарам профессор-ўқитувчилар, талабалар ва университетемизга тез-тез ташриф буюрувчи меҳмонлар ҳам гувоҳ бўлиб туришибди. Айниқса, талабаларга янада қулай шароитлар, кенг имкониятлар яратиш бош мақсадларимиздан бирига айланди. Хусусан, янги ўқув биноларининг қуриб топширилиши, мавжудларини замонавий қиёфага келтирилиши, ўқув материаллари билан мунтазам таъминланиб борилиши шулар жумласига киради.
Бундан ташқари, университетимизда президент фармон ва қарорларида белгилаб берилган устувор вазифалар асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги уч йилда университетимизда юқори малакали профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш, талабалар салмоғи ва таълим сифатини ошириш мақсадида нуфузли халқаро олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Хусусан, университетимиз профессор-ўқитувчиларининг хорижий ҳамкор олий таълим муассасаларида илмий-амалий стажировкалар ўташ кўрсаткичи 2022 йилда 15, 2023 йилда 26 нафарни ташкил қилган бўлса, 2024 йилда эса бу кўрсаткич 92 нафарга етказилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, университет талабаларининг академик мобиллиги 2022 йилда 59 нафар, 2023 йилда 40 нафарни ташкил қилиб, уларга Россия Федерацияси, Словакия, Испания, АҚШ каби давлатларнинг олий таълим муассасаларида бир семестр мобайнида таълим олиб қайтиш имконияти яратилди. Жорий йилда ушбу академик алмашинув дастури асосида Россия Федерацияси, Белоруссия ва Словакия каби давлатларнинг етакчи олий таълим муассаларида 126 нафар талабаларнинг таълим олишлари кўзда тутилган. Бундан ташқари, Ҳозирда халқаро таълим дастурлари факультетида Россия Федерацияси (Белгород давлат миллий тадқиқот университети; Москва давлат Лингвистика университети; Приволжск тиббиёт тадқиқотлар университети) ва Беларус Республикасининг (Янка Купала номидаги Гродно давлат университети) ОТМлари билан ҳамкорликда 6 та бакалавриат талим йўналишлари ва 4 та магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган бўлиб жами, 259 нафар бакалавр ва магистрлар таҳсил олмоқда. Шулардан 75 нафари 2022/2023 ўқув йилида ҳамкор ОТМда (МДЛУ - 27 нафар; БелДУ – 23 нафар бакалавр, 14 нафар магистр; ГродноДУ – 11 нафар) ўқишини давом эттирмоқда. Халқаро таълим дастурлари факультетига 2023/2024 ўқув йилида бакалавриатга 82 нафар ва магистратурага 16 нафар талаба қабул қилинди.
Қадрли ҳамкасблар!
Бугун таълимга берилаётган эътибор ҳар жиҳатдан кучайди. Мустақиллигимизнинг ўттиз уч йиллиги муносабати билан 24 август куни президентимиз имзолаган фармонга кўра бир қатор олий таълим ва илм-фан фидойилари, профессор-ўқитувчилар ҳам мукофотлангани бунга ёрқин далилдир. Айниқса, улар орасида университетимиз профессор-ўқитувчиларидан Абдурахим Иркаевнинг “Эл-юрт ҳурмати”, Нафас Шодмоновнинг “Дўстлик” ордени билан мукофотлангани, Нилуфар Хидированинг эса “Жасорат” медали билан тақдирлангани кўнгилларимизни фахр-ифтихорга тўлдирди.
Албатта, олий таълимга қаратилаётган катта эътибор, ўз ўрнида, соҳадаги талабларни ҳам орттириб боради. Ишонаманки, сизнинг шарафли меҳнатингиз, ишингизга бўлган юксак муҳаббатингиз, қолаверса, илм йўлидаги жонкуярлигингиз ва фидокорлигингиз натижасида бошланаётган янги ўқув йилида ҳам юқори натижалар кўрсата оламиз. Сиз азизлар олийгоҳда таҳсил олаётган иқтидорли, билимли, зукко талаба-ёшларни аниқлаш, тарбиялаш, уларнинг фан олимпиадаларида муносиб ўринларни эгаллашини таъминлаш, Давлат стипендиялари ва мукофотларига тавсия қилиш ҳамда юксак натижаларга эришишларида бор имкониятингиз, илмингиз, салоҳиятингиз билан меҳнат қилиб, мустақил Ватанимиз ривожига мислсиз ҳисса қўшасиз!
Қутлуғ айём арафасида барчангизни азиз ва жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги ҳамда 2 сентябрь – Билимлар куни муносабати қутлашдан беҳад мамнунман. Сиз азиз профессор-ўқитувчи, ишчи-ходим ва талабаларга оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, мустаҳкам саломатлик, фаровон ҳаёт тилайман! Янги Ўзбекистонимизнинг тараққиёти, тинчлиги, барқарорлиги йўлида олиб бораётган эзгу ишларингизда зафарлар ёр бўлсин!