
Чевар қизлар сафи кенгаймоқда
Қарши давлат университетида талаба-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида “Чевар қизлар” тикувчилик цехи ташкил этилган. Бу ерда университет ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, талабалар турар жойлари учун тикув-трикотаж буюмлари (юқори сифатли сочиқ, чойшаб, матрас, ёстиқлар) ишлаб чиқарилади. Шунингдек, бошланғич тикувчиликка тайёрлаш, миллий кийимлар тарихи, тикув машина жиҳозлари тузилиши, тикув буюмларни конструкциялаш ва жиҳозлаш ҳамда тикувчилик технологияси оид билимлар ҳам бериб борилади.
Куни кеча тикувчиликка қизиқадиган Педагогика факультети талаба-қизларининг таклифларига кўра, тўй ва байрам либосларини тикиш-бичиш бўйича мастер класс ташкил қилинди. Унда Технологик таълим кафедраси мудири Й.Даминова, кафедра катта ўқитувчиси К.Абдуллаева, ўқув мастери Д.Нуримова янги андозалар бўйича ўз билимлари билан ўртоқлашишди.
Таъкидлаш жоиз, олий таълим муассасасида “Чевар қизлар” тикувчилик цехи ташкил этилганлиги талаба-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ва унумли ўтказиш, уларни касбга йўллаш, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш орқали ўз меҳнатидан баҳраманд бўлиш имкониятини яратмоқда. Маҳорат дарсида қатнашчилар зарур кўникма ва малакага эга бўлишди.