
1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ректор табриги
Муҳтарам профессор-ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар!
Инсон туғилганидан ҳаёти сўнгига қадар маънавий йўлбошчи – устозга катта эҳтиёж сезади. Инсоннинг энг аввалги устозлари – ота-онасидир. Бола илк бор дунёни англашни, сўзлашни, яхши-ёмонни ажратишни улар орқали ўрганади. Аммо ақл-идрокни таниб, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилганида илм олиш зарур бўлади. Бу йўлда устозсиз мақсадга эришиш мумкин эмас. Бу хусусида ислом дунёсининг энг буюк алломаларидан бири, мутафаккир Абу Ҳомид Ғаззолий шундай уқтиради: “Устозсиз илм олишга киришган талаба адашиб, тўғри йўлдан озиши, яъни илмнинг моҳиятидан узоқлашиб, ўзини “ҳалокатга” олиб борадиган йўлларга кириб қолиши мумкин”.
Шу маънода айтиш мумкинки, устоз – илмларнинг калити, қалбларнинг нуридир. Уларнинг маърифат зиёси билан онгу шууримиз ёришади, руҳларимиз эса соғломлашади. Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг кўплаб нутқларида улуғ касб соҳибларининг масъулиятли, машаққатли фаолияти, бу фаолиятнинг юрт келажагига ижобий таъсири, тараққиётига қўшадиган беназр ҳиссаси кўп бор эътироф қилинган. Айниқса, президентимизнинг устозларга билдирилан қуйидаги фикрлари уларнинг жамият ҳаёти, авлод таълими ва тарбиясидаги ўрни қанчалар юксак эканининг ёрқин ифодасидир. “Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, фаол фуқаролик позициясига эга, билимли ва бунёдкор авлодни ким тарбиялайди? Албатта, сизлар – заҳматкаш ва жонкуяр устозлар.
Бугун юртимизда инсон қадрига муносабат тубдан ўзгарди. Айниқса, келажак авлод тарбиясида ҳал қилувчи ўрин тутган ўқитувчилик касбига эътибор кучайиб, устозлар меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда. Бу ўз навбатида ёшлар камолоти учун ўқитувчи масъулиятини оширди, олий таълим ва илм-фан ривожи, таълим сифати ҳамда илмий изланишлар самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилди. Шу орқали истеъдодли ёш олимлар ва талабаларнинг илмий фаолиятга қизиқиши янада ортаётир. Буни қуйидаги маълумотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ўтган 2024 йил давомида университетимизда PhD илмий даражасини олиш учун 208 та, DSc илмий даражасини олиш учун эса 42 та диссертациялар ҳимоя қилинган бўлса, 2025 йил бу кўрсаткич PhD 236 та DSc 48 тага етди. Бироқ ҳали йил якунига қадар диссертация ҳимоясини кутаётган кўплаб тадқиқотчиларимиз бор. Демак, бу кўрсатгич яна ўсади. Бундан ташқари, профессор-ўқитувчиларимизнинг дарслик ва ўқув қўлланмалари сони ҳам сезиларли ошди. Уларнинг айримлари энг яхши дарслик ва ўқув қўлланма сифатида вазирлик, тегишли кенгашлар ва мамлакатимиз олий таълим муассасаларидаги олимлар томонидан эътироф этилди. Албатта, буларнинг ҳаммаси илмий соҳада эришилаётган салмоқли ютуқларимиздан ҳисобланади.
Жамият ҳаёти, юрт равнақида ўқитувчи-педагоглар нақадар муҳим ўрин эгаллашлари кўп бор таъкидланган. Чунки жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизими қай даражада ривожлангани билан белгиланади. Тизимдаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. Айни сабаб билан президентимиз Ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табрикларидан бирида“Таълим соҳасининг яна бир муҳим вазифаси — фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини қатъий ҳимоя қила оладиган, замонавий, кенг фикрлайдиган ёшлар авлодини шакллантиришдан иборат”, дея таъкидладилар. Бу, ўз ўрнида, ҳар бир устоз-мураббий янада масъулият билан фаолият юритиши зарурлигини билдиради. Ишонаманки, профессор-ўқитувчилардан таркиб топган жамоамиз келгусида ҳам юртимизни ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол иштирок этадиган кадрлар билан бойитишда ўзининг сезиларли ҳиссасини қўша олади.
Устоз-мураббийлар инсон маънавий дунёсининг меъмори, жамият эртанги кунининг бунёдкорларидир. Шу нуқтаи назардан, дунёнинг бутун бойлиги ва бебаҳо хазиналари билан ҳам устоз-мураббийлар олдидаги қарзимизни уза олмаймиз. Уларнинг улуғ хизматлари, фидойи меҳнатларини ҳеч қандай қиймат билан ўлчаб бўлмайди. Зеро, ёш авлодни маънавий баркамол, тафаккури кенг, билимли ва бунёдкор инсонлар қилиб тарбиялаётган муаллимларимиз сиймосида биз келажакнинг порлоқ истиқболини кўрамиз. Уларнинг қўлида Ватан равнақи, эл-юрт фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қиладиган, комил ўғил-қизларимиз вояга етмоқда. Шу боис юрагида ғайрат ва шижоат жўш урган, ёшлар таълим-тарбиясини олий масъулият деб билган азиз устозларга миннатдорлик билдириш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Муҳтарам Устозлар! Сизларни улуғ илму маърифат айёми – Ўқитувчи ва мураббийлар байрами билан самимий қутлайман. Сиз азизларга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Қалбингизни ҳеч қачон ғайрат ва шижоат тарк этмасин. Кадрлар тайёрлашдек шарафли касбингизда улкан муваффақиятлар ёр бўлсин!
Дилмурод НАБИЕВ, университет ректори