“ВАТАН УЧУН, МИЛЛАТ УЧУН, ХАЛҚ УЧУН!”

30 Август 2025, 08:05
Университет янгиликлари

Қадрли ҳамкасблар, азиз талабалар! 

Ҳар бир миллат, мамлакат тарақққиётининг энг муҳим ва бош омили – шубҳасиз  мустақилликдир. Ҳақиқатан, ҳурлик шабадалари кўкрагига уриб турган, эркинлик нафасини бутун вужуди билан туйган халқ ҳар томонлама юксалади. Ана шу ҳурлик неъмати ўзбек халқи ҳаётини тубдан янгилади, ўз тақдирини ўзи ҳал эта олиш имконини берди, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашдек шарафли туҳфани инъом этти, миллий давлатчилигимизни, азалий қадрият ва урф-одатларимизни, муқаддас динимизни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қайта тиклашдек бахтни тортиқ қилди. Муҳтарам юртбошимиз “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳақли эътироф қилганидек, “Дунёдаги ҳар бир давлатнинг миллий суверенитети ва мустақиллиги шу мамлакатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаши, ўз халқининг тинч ва фаровон ҳаётини, унинг энг муҳим манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган мустаҳкам сиёсий-ижтимоий замин ва куч-қудрат манбаидир”.

Бугунги қутлуғ лаҳзаларда бутун университет жамоасини энг улуғ ва энг азиз байрам – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий табриклашдан қалбимда юксак фахр-ифтихор туяман. 

Юртимизда истиқлол тантаналарини ҳар йили ўзгача руҳ ва шукуҳ билан қарши олинади. Жорий йилда мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояси остида ўтказилиши барча юртдошларимиз қатори университет жамоасини ҳам беҳад қувонтиради. Қолаверса, мазкур ғоя остида “Она диёр – ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловларнинг ҳам ташкил этилиши қалбида ватанга муҳаббат ҳисси билан яшаётган кўпмиллатли халқимиз, айниқса, ёшларимизни янада кўтаринки кайфият билан байрамни қарши олишларига замин яратди.

Учинчи Ренессанс сари илдам одимлаётган мамлакатимиз ҳар бир қадамда эртанги кун эгалари – ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоқда. Юқорида тилга олинган кўрик-танловлар ва бошқа бажарилаётган амалий ишлар бунга мисолдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишга катта эътибор қаратилаётгани бутун халқимиз, айниқса, биз каби таълим соҳаси вакиллари қалбини ғурур, ифтихор ва шарафга тўлдирмоқда.

Шуни мамнуният билан айта оламанки, йилдан йилга университетимиз жамоаси томонидан эътироф этишга арзирли ютуқлар, муваффақиятлар кўпаймоқда. Албатта, жамоамизнинг бундай ютуқларни қўлга киритишида ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилганлиги катта аҳамиятга эга. Бугун университетимиз қиёфаси жаҳон стандартларига мос равишда тамомила янгиланди. Олийгоҳимизнинг ташқи қиёфасига назар ташлаган ҳар қандай инсоннинг қалбида шу даргоҳда таълим бериш ва олиш орзуси жўш урмоқда. Жумладан, жорий йилда жаҳон стандартлари талабларига тўла жавоб берадиган, катта моддий-техникавий базага эга 1000 ўринли кўркам Хорижий тиллар факультети ўқув биносининг фойдаланишга топширилгани сўзимизга яққол далилдир. Замонавий архитектурага эга, 5 қаватли янги ўқув бинода “Institut Français de Karshi” француз тили, Инглиз тили дастурлари, Koica, Немис тили, Рус тили ва Хитой тили марказлари, Эрасмус+ дастурлари офиси, Медиа студия, Синхрон таржима аудиторияси, кенг ва қулай маърузалар заллари, Тиббий муолажа хонаси, Лингафон хоналари, кутубхона, энг сўнгги ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган компьютер хоналари мавжуд. Ўқув, лаборатория хоналари интерактив доскалар, замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлангани кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.

Университетнинг қиёфасига мос равишда таълимда ҳам янги муваффақиятлар қозонилмоқда. Даргоҳимизда таҳсил олаётган талабалар, нафақат, жаҳон стандартларига мос равишда таълим олмоқдалар, балки Халқаро қўшма таълим дастурлари асосида Қарши давлат университети ҳамкорлигида фаолият олиб бораётган қатор нуфузли хорижий олийгоҳларда ҳам ўқишни давом эттириб, таълим дастурларини муваффақиятли якунламоқдалар. Хусусан, жорий йилда Москва давлат лингвистика университети Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили йўналиши, Белгород давлат миллий тадқиқот университети Ўзга тилли гуруҳларда рус тили, Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишлари ҳамда Лингвистика: инглиз тили магистратура мутахассислиги, Н.А.Добролюбов номидаги Нижегород давлат лингвистика университети Лингвистика: рус тили ва Лингвистика: инглиз тили магистратура мутахассисликлари, Янка Купала номидаги Гродно давлат университети Амалий математика йўналиши битирувчилари дипломларини қўлга киритдилар. 

Профессор-ўқитувчиларимиз томонидан эса ўнлаб монография, рисола, дарслик ва ўқув қўлланмаларининг нашр эттирилиши, мамлакатимиз ҳамда хорижнинг нуфузли илмий журналларида чоп этилаётган мақолалар илмий соҳадаги ютуқларимиз, педагогик фаолиятимизнинг самараси экани барчамизни қувонтиради. Ишончим комилки, янги ўқув йилда ҳам астойдил меҳнат қилиб, етук кадрлар тайёрлашдек масъулиятли вазифани адо этиб, янада улкан марраларни эгаллаймиз. Бунинг учун ҳамжиҳатликда бор имкониялардан унумли фойдаланамиз. 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, университетда таҳсил олаётган иқтидорли, билимли ва зукко талаба-ёшларни аниқлаш, тарбиялаш, уларнинг фан олимпиадаларида муносиб ўринларни эгаллашини таъминлаш, Давлат стипендиялари ва мукофотларига тавсия қилиш ҳамда юксак натижаларга эришишларида университет раҳбарияти Сиз азиз устозлар ва ишчи-ходимларнинг шарафли меҳнатингизга ишонч билдиради.

Қадрли ҳамкасблар!

Сизларни яна бир бор гўзал ва бетакрор Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда 2 сентябр – Билимлар куни муносабати билан муборакбод этишдан бахтиёрман. Сизларга оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, сихат-саломатлик, фаровон ҳаёт, илмий ва мураббийлик фаолиятингизда улкан зафарлар тилаб қоламан! 

Дилмурод НАБИЕВ, университет ректори