
Халқаро қўшма таълим дастурлари битирувчиларига диплом топширилди
Қарши давлат университетида Халқаро қўшма таълим дастурлари магистр ва бакалавр битирувчилари учун унутилмас кун бўлди. Улар ҳаяжон ва қувончга тўла дақиқаларни бошдан кечирдилар. Ушбу битирувчилар Қарши давлат университети ҳамкорлигида фаолият олиб бораётган қатор нуфузли хорижий олийгоҳларнинг таълим дастурларини муваффақиятли якунладилар. Жумладан, Москва давлат лингвистика университети Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили йўналиши, Белгород давлат миллий тадқиқот университети Ўзга тилли гуруҳларда рус тили, Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишлари ҳамда Лингвистика: инглиз тили магистратура мутахассислиги, Н.А.Добролюбов номидаги Нижегород давлат лингвистика университети Лингвистика: рус тили ва Лингвистика: инглиз тили магистратура мутахассисликлари, Янка Купала номидаги Гродно давлат университети Амалий математика йўналиши битирувчилари дипломларини қўлга киритдилар.
Тадбир доирасида хорижий ҳамкор университетлар вакиллари ҳам битирувчиларни табрикладилар. Жумладан, Н.А.Добролюбов номидаги Нижегород давлат лингвистика университети Рус тили ва адабиёти институти директори Кристина Григоревна Голубева, Москва давлат лингвистика университети Халқаро қўшма таълим дастурлари институти директори Элена Валеревна Александрова, Белгород давлат миллий тадқиқот университети Маданиятлараро коммуникация ва халқаро муносабатлар институти доценти Раиса Владимировна Кулешова ZOOM платформаси орқали битирувчиларга табрик сўзларини йўлладилар. Шунингдек, тадбирда Қарши давлат университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори И.Бекпулатов, Халқаро қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Н.Азизова битирувчилар ва уларнинг ота-оналарини самимий қутлаб, эзгу тилакларини билдирдилар. Дипломлар битирувчиларга тантанали равишда топширилди. Тадбир якунида кўтаринки кайфият ва қувончли лаҳзалар барча иштирокчиларга унутилмас таассурот қолдирди. Маълумот ўрнида, университет раҳбарияти таълим дастурларини янада кенгайтириш ва янги ҳамкорлар билан қўшма таълим дастурларини очишни режалаштирган. Қўшма таълим дастурлари учун ҳужжатлар август ойида қабул қилинади.