Хон атласда кўркам либослар

Миллий либосларимизда халқимизнинг асрларга тенг ўтмиши, урф-одати ва анъаналари, диди, эстетик қарашлари, ўзига хос хусусиятлари мужассамлигини намойиш этиш ва тарғиб қилиш мақсадида айни кунларда юртимизда “Хон атлас” фестивали бўлиб ўтмоқда. Бугун Филология факультетида “Хон атласда кўркам либослар” мавзусида ташкил этилган тадбирда олийгоҳ аёл профессор-ўқитувчилари ва талаба-қизлари миллийлигимизни тараннум этувчи атлас, адрас ҳамда бошқа миллий матолардан тикилган либослар билан фаол иштирок этдилар. 

Маърузаларда атлас ва адрас каби кўзни қувнатадиган, ёрқин ранглари, такрорланмас нақшлари билан кишига хуш кайфият бағишлайдиган миллий матоларимизнинг мухлислари бутун дунёда топилиши эътироф этилди. Ёқимли куй-қўшиқлар ҳамда миллий ва замонавий дизайн уйғунлигида тикилган либослар намойиши тадбирга ўзгача шукуҳ ва мазмун бағишлади.