Қашқадарёлик Паралимпиячилар тантанали кутиб олинди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28 августидан 8 сентябрга қадар Париж XVII ёзги Паралимпия ўйинларига мезбонлик қилди ва унда юртимиз спортчилари делегацияси сафида қашқадарёлик 8 нафар пара спортчи 6 та спорт туридан 21 та лицензия бўйича баҳсларда иштирок этди.

Қувонарлиси, улар сафида пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида Т11 классида узунликка сакраш беллашувларида иштирок этган Асила Мирзаёрова 5.24 метр натижа қайд этган ҳолда юртимиз делегациясига биринчи олтин медални олиб берди ва 28 йил давомида сақланиб келган Паралимпия рекордини янгилади.

Шунингдек, пара дзюдо бўйича эркаклар ўртасида Ж2 классида -90 кг вазн тоифасида иштирок этган Қарши давлат университетининг собиқ талабаси Довурхон Кароматов бронза медалини қўлга киритди ва иккинчи бор Паралимпия ўйинлари совриндори бўлди.

Тарихий натижаларга ўз ғалабаси билан муносиб ҳисса қўшган спортчиларимиз 10 сентябрь куни Қарши шаҳрида катта тайёргарлик билан қарши олинди. Тантанали кутиб олиш маросимида Қарши давлат университети жамоаси ҳам фаол иштирок этди.