Президент ислоҳотлари натижаси: ҚарДУда таълим ва амалиётни бирлаштирган “UniKids” мактабгача таълим ташкилоти очилди
Қарши давлат университети тасарруфида замонавий “UniKids” мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Қарши шаҳрида жойлашган 240 ўринли таълим муассасаси “Мактабгача таълим ва тарбия” стандарти ҳамда “Илк қадам” давлат дастури асосида замонавий ўқув-методик воситалар ва ахборот технологиялари билан жиҳозланди. Муассасада 3–7 ёшли болаларга ўзбек, рус ва инглиз тилларида таълим-тарбия берилади. “UniKids” таркибида замонавий лаборатория фаолият юритиб, ундаги тўртта марказ болаларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, муассаса олийгоҳнинг мактабгача таълим йўналиши талабалари учун дуал таълим, малакавий амалиёт ҳамда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориладиган амалий майдон вазифасини бажаради. Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур маскан ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, мактабгача таълим сифатини ошириш ҳамда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Тадбир давомида болажонлар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар намойиш этилди. Шундан сўнг меҳмонлар университет ректори Д.Набиев ҳамроҳлигида “UniKids” мактабгача таълим ташкилотида яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишдилар.