Университет янгиликлари

Магистрларга диплом топширилди

22 July, 2022

Қарши давлат университетида магистрларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда талабалар, профессор-ўқитувчилар, ота-оналар ҳамда  жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, мамлакатимизда замонавий билимларни пухта эгаллаган юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва бу борада барча шарт-шароитлар муҳайё қилиб қўйилганлигини алоҳида таъкидлашди.

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Н.Холмирзаевга кўра, университетни жорий йилда 25 та мутахассислик бўйича 281 нафар магистрлар тамомлади. 70 нафарга яқини университетнинг ўзида қолиб, илмий-тадқиқот фаолиятларини давом эттиришади. Улар сафида 2021-2022 ўқув йилида Президент стипендиатига айланган психология (фаолият турлари бўйича) мутахассислиги магистри Сурайё Норқобилова ҳам бор.

- Устозларимдан миннатдорман, - дейди у ҳаяжон билан. – Илмий-тадқиқот ва педагогик фаолиятимни университетда қолиб давом эттирмоқчиман. Шуни фахр билан айтишим жоиз, Президент стипендиати сифатида докторантурада ўқиш имкониятига ҳам эгаман.

Битирувчиларга дипломларни Ўқув ишлари бўйича проректор А.Холмуродов, Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Н.Холмирзаев, ректор маслаҳатчиси А.Жўраев топширди.