Университет янгиликлари

Муносабат: Дарахтлар ҳақиқатдан ҳам кесилганмиди?

12 January, 2022

Жорий йилнинг 11 январь куни телеграм ижтимоий тармоғидаги "muxbir1" каналида “Карши давлат университетдаги 2022 йил 11 январь холат.” дея дарахтларнинг кесилган ҳолатдаги фотосуратлари ёритилди. Қарши давлат университети ушбу ҳолат юзасидан қуйидаги муносабатни билдиради.

Якунига етган 2021 йил Қарши давлат университети учун кенг кўламдаги бунёдкорлик йили бўлди. Жумладан, янгитдан таъмирланган талабалар турар жойлари, сунъий қопламали стадион, волейбол, мини футбол, баскетбол майдонлари ва спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. Табиийки, қурилиш жараёнларида ҳудудда қуриган, ўз умрини ўтаб бўлган, касалланган дарахтларни кесилиши, мавжудларига шакл бериш ишлари амалга оширилади. Суратлардаги дарахтлар ҳақиқатдан ҳам ҳудудда олиб борилган қурилиш ишлари мобайнида ташқи муҳандислик тармоқларини ер ости орқали ўтказиш жараёнида кесилган. Мазкур ҳолат Қашқадарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан аниқланган ва тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ижтимоий тармоқда ёритилган суратлардаги ҳолат юзасидан 2022 йил 11 январь куни Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Қ.Нормуҳаммедов ва бошқарманинг Қарши шаҳар бўлими бошлиғи А.Абдураҳимов томонидан ўрганилди ҳамда суратларда акс этган ушбу ҳолат анча муддат аввал кесилган, тегишли тартибда қонуний чора кўрилган вазият  эканлиги аниқлаштирилди.

Шуни айтиш жоизки, ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик жараёнларига ҳамоҳанг тарзда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 1000 дан ортиқ манзарали, мевали дарахт кўчатлари экилди. Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган олий таълим муассасаси сифатида замонавий қиёфа касб этаётган Қарши давлат университетида келгусида ҳам ҳудудни яшил маконга айлантириш борасида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари жадаллик билан давом эттирилади. Ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатилаётган ҳолатлар эса янгиланиш жараёнларига тўсиқ бўла олмайди. Қарши давлат университетида эртанги истиқбол эгалари бўлган ёшлар учун амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ёрқин келажакка пойдевордир.

Теглар: #Munosabat