Университет янгиликлари

⚡️ Қарши давлат университетида юқори тезликда ишлайдиган Wi-Fi тизими ўрнатилмоқда

24 November, 2021

Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган Академик инновацион фондининг "Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этишда янги технологиялар" лойиҳаси доирасида Қарши давлат университети учун 110 дона Wi-Fi қурилмалари харид қилинди. Шунга кўра, янгидан таъмирланган 1200 нафар талабага мўлжалланган ўқув биносида замонавий инфраструктура асосида лойиҳаштирилиб, юқори тезликда ишловчи 30 дона Wi-Fi тизими ўрнатилди. Бунда MikroTik ва Ubiquiti Network компанияларининг сўнги русумдаги тармоқ қурилмаларидан фойдаланилди.

- Ўқув биносида ўрнатилган Wi-Fi қурилмалари бир вақтнинг ўзида 2000 нафардан ортиқ фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Университетнинг барча локал тармоғи оптик толали алоқа линиялари билан жиҳозланганлиги боис, юқори тезликда ишлайдиган сифатли интернет тизимидан фойдаланиш имконияти юзага келди, - дейди Рақамли таълим технологиялари маркази раҳбари Бекзод Очилов. - Айни вақтда олий таълим муассасасида умумий интернет тезлиги 3 Гб/сек тезликда бўлиб, мавжуд кўрсаткични 10 Гб/сек тезликка етказиш устида иш олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, мазкур Wi-Fi қурилмалари университетнинг барча бинолари, шу жумладан ўқув аудиториялари, ахборот-ресурс маркази, талабалар турар жойлари ва бутун ҳудуд бўйлаб ўрнатилади. Бу эса профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар учун сифатли ҳамда юқори тезликда ишлайдиган интернетдан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратади.

Теглар: #wi-fi