
ҚарДУ вакиллари Университи Sains Malaysia’да (USM) малака оширмоқда
Қарши давлат университети Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Зулқайнар Назиров ҳамда Халқаро рейтинглар ва аккредитация бўлими мутахассиси Фаррух Аминов халқаро ҳамкорлик доирасида Малайзиянинг нуфузли олий таълим муассасаси — Universiti Sains Malaysia (USM)да қисқа муддатли стажировка ўтамоқдалар. Мазкур стажировка Times Higher Education (THE) халқаро рейтингининг Top-401–500 ўрни ва THE Impact Rankings барқарорлик рейтингининг Top-14 поғонасида қайд этилган USM тажрибасини ўрганиш, таълим сифатини ошириш, аккредитация ва рейтингларга тайёрлов тизимлари билан танишиш мақсадида ташкил этилди. Стажировка давомида университет вакиллари УСМдаги қатор марказлар ва структуравий бўлинмалар фаолияти билан танишдилар. Хусусан, Таълим сифати маркази директори, профессор Irfan Naufal Umar бошчилигида таълим йўналишларини шакллантириш тартиби, ўқув режаларнинг Малайзия Таълим сифати агентлиги стандартларига мослиги юзасидан маълумотлар берилди. Шунингдек, муҳандислик кампусидаги Ўзини-ўзи аккредитация қилиш маркази директори, профессор Azura Rashid иштирокида аккредитация жараёнлари бўйича тажриба алмашилди. Дастур давомида Академик салоҳиятни ривожлантириш маркази, Тиллар, саводхонлик ва таржима мактаби, Лаборатория бошқарув маркази, шунингдек Глобал археологик тадқиқот маркази фаолиятлари ҳам ўрганилди. Ушбу ташрифлар чоғида замонавий ўқитиш методлари асосидаги малака ошириш курслари, барча лаборатория жиҳозларини рақамли тизимда бошқариш имкониятлари, ҳамда илмий тадқиқот лабораториялари инфратузилмаси билан яқиндан танишилди. Мазкур стажировка Қарши давлат университети учун халқаро илғор тажрибаларни ўрганиш, таълим сифатини янада такомиллаштириш ва рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.