Ёшлар учун мазмунли таътил – "Долзарб 90 кун" лойиҳаси амалиётда

Юртбошимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси ёшлар учун том маънода ҳаёт мактабига айланмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида ёзги таътил даврида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни маданий-маърифий ва спорт тадбирларига кенг жалб қилиш орқали юксак маънавият ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсад қилинган. Қарши давлат университетида ушбу ташаббус амалиётда самарали йўлга қўйилган. Айниқса, кураш ва волейбол спорт тўгаракларида юзлаб ёшлар тажрибали мураббийлар раҳбарлигида машғулотларда қатнашмоқда. Бу тўгараклар нафақат жисмоний қобилиятни юксалтириш, балки ёшларни жамоавийлик, интизом, ирода ва сабр-тоқатга ўргатишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Машғулотларнинг таъсирчанлигини ошириш, иштирокчиларнинг қизиқишини кучайтириш мақсадида мунтазам равишда ички мусобақалар ташкил этилмоқда. Бу эса ёшларнинг спортга бўлган иштиёқини янада оширмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, мазкур тўгараклар фақатгина университет талабалари учун эмас, балки олийгоҳга яқин жойларда яшовчи маҳалла ёшлари учун ҳам очиқ. Бу эса университетнинг жамоат билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, ёшлар ўртасида соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.