Оммавий тадбирлар

ЭРК ВА ҲУРЛИК, ОЗОДЛИК ВА ФАРОВОНЛИК ТАНТАНАСИ!

31 August, 2021

Қадрли ҳамкасблар, азиз талабалар! 

Ҳеч шубҳа йўқки, истиқлол кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримизнинг қайта тикланишига бош омил бўлди. Таъкидлаш жоизки, бугун ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, умуман, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.  Халқимиз қалби ва руҳидаги меҳр-шавқат, бирдамлик, тотувлик, ишонч каби юксак инсоний фазилатларнинг инъикоси ҳозирги оғир синовли кунларда, таҳликали шароитларда, айниқса, ёққол кўриниб турибди.

Бугун тарихий кун – истиқлолимизнинг 30 йиллик юбилейини нишонлаш арафасида турибмиз. Албатта, бундай шарафни – эрк ва ҳурликни қўлга киритиш курашсиз бўлмаган. Бу ҳар қандай миллатдан машаққатли йўлни босиб ўтишни талаб қилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида айни шу масалага диққат қаратгани ҳам бежиз эмас: “Аввало шуни айтиш керакки, ўз юртида озод ва эркин ҳаёт, адолатли жамият барпо этишдек улкан мақсадни ўз олдига қўйган ҳар қандай халқ, ҳар қандай миллат оғир, машаққатли ва мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтади. Келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган ўзбек халқи ҳам 1991 йил 31 августда муқаддас орзусига эришди – жонажон ватанимиз ўз давлат мустақиллигини қўлга киритди. Насиб этса, яна саноқли кунлардан кейин ана шу қутлуғ сананинг 30 йиллигини улкан шодиёна сифатида кенг нишонлаймиз”.

Ушбу қутлуғ лаҳзаларда қадрли жамоамизни, илмга чанқоқ талабаларимизни фараҳли айём билан қутлашдан беҳад бахтиёрман. Бугун халқимиз истиқлол тантанасини кўтаринки руҳда нишонлаш иштиёқи билан яшаётгани қалбларимизга шодлик, ғурур ва ифтихор бағишлайди. Президентимиз мустақилликнинг 30 йиллик юбилейини муносиб ўтказиш мақсадида ўтган йил сўнгида “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолаган эдилар. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича республика комиссиясини тузиш ҳамда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари дастурини тасдиқлаш ва шу асосда қатор вазифаларни бажаришни белгилаб берган эдилар. Мазкур қарорнинг амалий натижаси ўлароқ, бугун халқимиз истиқлол юбилейини катта хурсандчилик ва мамнуният билан нишонламоқда.

Шу қисқа давр мобайнида юртимиз мислсиз ютуқларни қўлга киритди. Жумладан, қатор соҳалар каби пандемия шароитида ҳам кенг қамровда давом этаётган бунёдкорлик ишлари бунга яққол мисол бўла олади. Хусусан, университетимиз ҳам янги ўқув йилида талабаларни бутунлай ўзгача қиёфада кутиб олишга тайёрланмоқда. Кенг қамровда олиб борилаётган қурилиш-таъмир ишларидан кўзланган бош мақсад Сиз қадрли устозлар ва азиз талабаларимизга янада қулай шароитлар яратишдир. Бундай ўзгаришлар, юксалишлар, ўз навбатида, диллармизга фахр-ифтихор, ҳаётимиздан мамнунлик ҳиссини олиб келишига ишонамиз.

Жамоамиз томонидан ҳар йили эътироф этишга лойиқ ютуқлар, муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Албатта, бундай ютуқларни қўлга киритишимизда ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилганлиги катта аҳамиятга эга. Университетимиз қиёфаси ҳар қандай инсон шу даргоҳда таълим беришни ва олишни орзу қиладиган даражада ўзгариб бормоқда. Буни 2021-2022 ўқув йили учун ҳужжат топширган 17410 абитуриентлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ҳозирги вақтда университетимиз жаҳон стандартлари талабларига тўла жавоб берадиган моддий-техникавий базага эга бўлди. Профессор-ўқитувчиларимиз томонидан ўнлаб монография, рисола, дарслик ва ўқув қўлланмаларининг нашр эттирилиши, мамлакатимиз ҳамда хорижнинг нуфузли илмий журналларида чоп этилаётган мақолалар, сўнги бир йил давомида ўндан ортиқ DSc ва PhD диссертацияларнинг муваффақиятли ҳимоя қилингани, илмий соҳадаги ютуқларимиз ҳамда педагогик фаолиятимизнинг самараси экани барчамизни қувонтиради.

Қадрли ҳамкасблар!

Янги ўқув йилида ҳам олийгоҳда таҳсил олаётган иқтидорли, билимли ва зукко талаба-ёшларни аниқлаш, тарбиялаш, уларнинг фан олимпиадаларида муносиб ўринларни эгаллашини таъминлаш, Давлат стипендиялари ва мукофотларига тавсия қилиш ҳамда юксак натижаларга эришишларида университет раҳбарияти сизнинг шарафли меҳнатингизга ишонч билдиради.

Яна бир бор Сизларни азиз ва жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик юбилейи ҳамда 2 сентябрь – Билимлар куни муносабати билан муборакбод этаман. Сизларга оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, фаровон ҳаёт, илмий ва мураббийлик фаолиятингизда зафарлар тилайман!

 

Д.НАБИЕВ,

университет ректори

Теглар: #табрик