Ёшлар – соғлом ҳаёт тарафдори

14 Январь 2025, 09:04
Университет янгиликлари

Спиртли ичимликлар, таркибида никотин моддаси бўлган маҳсулотлар, гиёҳвандлик ва бошқа психофаол моддалар истеъмоли инсон соғлиғи ва унинг ён атрофидагилар учун чинакам хавфдир. Негаки, шу каби маҳсулотлар истеъмоли таъсирида инсон нима қилаётганлигини билмайди. Натижада ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар, бахтсиз ҳодисалар, зўравонлик содир бўлади. Бу эса давлат ва жамият тараққиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қўймайди. Ҳозирда ана шундай хавфни олдини олиш бўйича юртимизнинг барча таълим муассасаларида бўлгани каби Қарши давлат университетида ҳам кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, бугун Хорижий тиллар ҳамда Математика ва компьютер илмлари факультетлари талабалари иштирокида “Ёшлар – соғлом ҳаёт тарафдори” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда университет профилактика инспектори, капитан М.Жаббаров ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Таъкидланганидек, ташкил этилаётган тарғибот тадбирларида ёшларни психофаол ҳамда гиёҳвандлик воситалари каби таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш мақсад қилинган.