“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика финал босқичи бошланди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Спорт вазирлиги ташаббуси билан Қарши давлат университетида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида оммавий спорт мусобақаларининг республика финал босқичига старт берилди. Жорий йилдаги мусобақалар Қарши давлат университети ва Қашқадарё вилоятининг бошқа олий таълим муассасалари мезбонлигида ўтказилмоқда. “Беш ташаббус олимпиадаси” финал босқичининг тантанали очилиш маросимида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги раҳбарлари, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакиллари, шунингдек, спорт соҳасида эътироф этилган мутахассислар маросимнинг фахрий меҳмонлари сифатида ташриф буюрди. Тантанали маросимда масъуллар мусобақада қатнашувчи барча спортчи-талабаларни қизғин қутлаб, уларга омад ва муваффақият тиладилар. Сўзга чиққанлар ушбу олимпиада ёшларнинг иқтидорларини юзага чиқариш, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида мусобақалар олий таълим муассасалари талабалари ўртасида спортнинг мини-футбол, стол тенниси, волейбол, енгил атлетика, стритбол турлари бўйича тўрт босқичда ўтказилмоқда. Жорий йилда 147 та олий таълим муассасасида спортнинг 5 тури бўйича мусобақалар ўтказилди. Уларда 441 869 нафар талаба иштирок этди, шулардан 211 777 нафари қизлардир. Ҳудудий босқичларда ғолиб чиққан жамоалар Қарши шаҳрида 9-13 декабрь кунлари бўлиб ўтаётган республика финал босқичида иштирок этмоқда. Жорий йилги финал босқичида умумий ҳисобда 574 нафар иштирокчи қатнашмоқда.