Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови

7 Декабрь 2024, 09:15
Университет янгиликлари

Хорижий тиллар ҳамда Математика ва компьютер илмлари факультетлари талабалари, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосарлари, Ёшлар билан ишлаш бўлими тюторлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги муносабати билан “Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда университетнинг Фалсафа ва социология кафедраси доценти З.Боймуродов, Тошкент давлат юридик университети профессори Олим Нарзуллаев, вилоят Адлия бошқармаси ходими В.Бобоева ва талабалардан Д.Шавкатова ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Таъкидланганидек, Конституция миллий давлатчилигимиз, суверенитетимиз, шу кунга қадар эришган барча ютуқ ва марралар, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. У нафақат ҳуқуқий, ижтимоий ва сиёсий, балки барчани жипслаштирадиган, фуқаролар ўз орзу-умидлари, ҳуқуқ ва манфаатлари ечимини кўрадиган ҳужжатдир. Шунингдек, янгиланган Конституцияда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, ҳар ким уй-жойга эга бўлишини таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор нормаларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Тадбирда фаол қатнашган талабалар Тошкент давлат юридик университети профессори О.Нарзуллаев томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.