Ватан - сарманзили саодатимдир! 

Вилоят мусиқали драма театрида Қарши давлат университети профессори,  филология фанлари доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Нафас Шодмоновнинг "Ватан - сарманзили саодатимдир!" деб номланган ижодий кечаси бўлиб ўтди. Унда таниқли ижодкорлар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби И.Тўраев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессорлари Н.Жабборов, У.Жўрақулов, Муқимий номидаги академик мусиқали драма театри бош режиссори Д.Ҳақбердиев, Қарши давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори О.Кузиев сўз олиб, кеча қаҳрамонининг илмий, адабий, драматурглик фаолияти, умр йўли, чин инсоний фазилатлари ҳақида тўхталдилар. Шу куни Нафас Шодмоновнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида видеолавҳа намойиш этилиб, шеърлари асосида яратилган қўшиқлар ижро этилди. Жумладан, таниқли хонандалар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист О.Халилова, "Шуҳрат" медали соҳиби У.Қувватов, шунингдек, О.Исмоилов, И.Қурбонов, Ҳ.Салоҳиддинов, И.Жуманов, Б.Болтаев, Э.Рустамовнинг дилбар қўшиқлари кечага ўзгача файз киритди. Тадбир давомида вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан Нафас Шодмонов қаламига мансуб "Абу Муин Насафий", "Оқсарой" ва "Қобил ила Ҳобил" асарлари асосида саҳналаштирган спектакллардан парчалар намойиш этилди. Айниқса, ижодий кеча меҳмонларидан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, "Меҳнат шуҳрати" ва "Дўстлик" орденлари соҳиби Турғун Бекназаров, "Маданият ва санъат фидокорлари" кўкрак нишони соҳиблари Нурбек Маматов ҳамда Гуласал Раҳмонованинг "Бахши" мусиқали драмасидан кичик кўринишларни маҳорат билан ижро этганликлари томошабинларнинг давомий олқишига сазовор бўлди. Тадбир якунида Нафас Шодмонов барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.