“Олима қизлар” илмий салоҳиятни юксалтириш йўлида
Қарши давлат университетида “Олима қизлар илмий фаолиятига оид ютуқларни оммалаштириш ва инновацион ғояларини ривожлантириш” мавзусида “Олима қизлар клуби”нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда университетда таҳсил олаётган, илм-фан ва инновациялар йўналишида фаоллик кўрсатаётган, шунингдек, стартап лойиҳалари орқали муайян ютуқларга эришган талаба-қизларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Тадбир давомида олима қизларни бирлаштириш, уларнинг илмий изланишларини рағбатлантириш, аниқ мақсадлар сари йўналтириш ҳамда мотивациясини ошириш борасида фикр алмашилди. Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад — олима қизларнинг илмий салоҳияти ва ижтимоий фаоллигини юксалтириш, илм-фан соҳасида гендер мувозанатини мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида илмий фаолиятга қизиқишни кучайтириш ҳамда “Олима қизлар клуби”нинг нуфузи ва таъсир доирасини кенгайтиришдан иборат. Йиғилиш якунида университет миқёсида ютуқларга эришган талаба-қизлар рағбатлантирилди.