Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар истеъмолига қарши профилактик тадбир ўтказилди

20 Февраль 2026, 05:08
Университет янгиликлари

Қарши давлат университетида Спорт факультети профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари ҳамда Ёшлар билан ишлаш бўлими тюторлари иштирокида “Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар — умр заволи” мавзусида кенг қамровли профилактик учрашув ташкил этилди. Тадбирда ректор маслаҳатчиси А.Жўраев, вилоят Ички ишлар бошқармаси ходими А.Рашидов ҳамда вилоят Наркология диспансери шифокори Ғ.Шердонов сўзга чиқиб, бугунги кунда ёшлар ўртасида синтетик ва психотроп моддалар истеъмолининг ортаётгани ҳамда уларнинг инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига етказадиган фожиали оқибатлари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Хусусан, сўнгги вақтларда наркожиноятларнинг интернет тармоқларига кўчаётгани, республика миқёсида йирик наркогуруҳлар фаолиятига чек қўйилаётгани ҳамда ушбу иллатга нисбатан қонунчиликда белгиланган қатъий жавобгарлик чоралари алоҳида таъкидланди. Мутахассислар талаба-ёшларнинг ўқиш ва иш жараёнидаги руҳий зўриқишлар, стресс ва чарчоқ сабабли “енгиллик” излаб, психофаол моддалар тузоғига тушиб қолиш хавфидан огоҳлантирдилар. Тадбир якунида талабаларга гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига чек қўйиш борасидаги тезкор тадбирлар акс этган “Эътироф” фильми намойиш этилиб, ёшларда бу каби иллатларга нисбатан мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.