
“Ректор кубоги” соҳиби – Спорт факультети жамоаси!
Айни кунларда Қарши давлат университетида талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Ректор кубоги” мусобақалари ўтказилмоқда. Мусобақаларда мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, стол тенниси ва стритбол турлари бўйича баҳслар олиб борилмоқда. 14-октябр куни мини-футбол йўналишида финал учрашувлари бўлиб ўтди. Унда барча босқичларда ғалаба қозонган Спорт факультети жамоаси ҳамда Математика ва компьютер илмлари факультети жамоаси ўзаро куч синашди. Шиддатли ва муросасиз кечган финалда Спорт факультети жамоаси рақибини 5:1 ҳисобида мағлуб этиб, “Ректор кубоги”ни қўлга киритди. Учинчи ўрин учун кечган беллашувда Физика факультети ва Тиббиёт факультети жамоалари ўртасидаги учрашув асосий вақтда 3:3 ҳисобида якунланди. Пеналтилар сериясида Тиббиёт факультети жамоаси ғалаба қозониб, бронза медалига сазовор бўлди. Мусобақаларнинг қолган спорт турлари бўйича беллашувлар эса ҳозирда қизғин тарзда давом этмоқда. Ғолиб жамоалар 500 минг сўмдан 3,5 миллион сўмгача бўлган пул мукофотлари билан тақдирланади.